“ҚАЛБ НУРИ” МАРКАЗИ ЯНГИ ЛОЙИҲА БОШЛАДИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун кичик грантлар эълон қилинган эди.

Жиззах вилоят “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш маркази  “Тенг имкониятлар учун ҳуқуқий ёрдам”  лойиҳаси билан мазкур грант танловида ғолиб бўлди.

 Лойиҳанинг мақсади – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, хусусан аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларнинг қонуний ҳуқуқларига нисбатан чекланган имкониятларини кенгайтириш.

Мазкур лойиҳа учун 116 190 000 сўм грант маблағи ажратилган бўлиб, у 6 ой давомида амалга оширилади.

Марказ қошида  “ҲУҚУҚИЙ КЛИНИКА” ташкил қилиш ҳамда “Ишонч телефони” ва марказнинг Телеграм ижтимоий тармоғидаги “Биз ёнингиздамиз” боти орқали ижтимоий заиф қатламларга ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.

Шунингдек, гендер зўравонлигига қарши кураш, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни тарғиб қилиш орқали жамиятда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилишига эришишга ҳисса қўшиш мақсадида семинар-тренинглар ўтказиш, юртимиз қонунчилиги, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа, кўрсатиладиган ҳуқуқий ва психологик хизматлар тўғрисида ахборот-маслаҳат берувчи материалларни тарқатиш бўйича ахборот кампаниясини ўтказиш ҳам шу муддат мобайнида амалга оширилади.

Айни вақтда “Қалб нури” марказининг “Ишонч телефони”- 72 226 52 62 рақами туну кун мурожаатларни қабул қилади. Қулай ва тушунарли тарзда ҳуқуқий ёрдам; аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бор шахслар учун ҳуқуқий маслаҳат; суд тизимига мурожаат қилишда амалий кўмак; муаммоларни эрта аниқлаш ва судгача ҳал қилиш учун психологик тавсиялар ҳуқуқшунослар ёрдамида амалга оширилмоқда.

 

Нодира АЛИМОВА,

вилоят “Қалб нури” маркази директори.  

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *