ЖИЗЗАХДА ЯНГИ ЕРОСТИ ЙЎЛИ ҚУРИЛМОҚДА

Сўнгги йилларда вилоятимизда йўл инфратузилмасининг тобора яхшиланиб бораётгани, шаҳримиз кўчалари чирой очаётгани бор гап. Янги йўллар бунёд этилаётгани билан бир қаторда, ер ости ва ер усти йўлларининг қурилаётгани юртдошларимизнинг хавфсиз ва хотиржам ҳаракатланишлари учун замин яратмоқда.

Ўтган йил якунига қадар вилоят ҳудудида пиёдалар учун мўлжалланган ерости ўтиш йўллари сони 5 тага етди. Жорий йилда ана шундай йўл қурилиш лойиҳаси шаҳар транспорт ҳаракати энг гавжум бўлган ҳудудлардан бири Шароф Рашидов ва Буюк Турон кўчалари кесишмасида амалга оширилиш арафасида.

Жиззах шаҳрининг Қассоблик, Заргарлик, Сайилжойи маҳаллаларини ажратиб турувчи ушбу икки йўл кесишмаси автомобиллар ҳамда пиёдалар ҳаракати тиғиз бўлган нуқталардан бири саналади. Кейинги йилларда мазкур чорраҳа атрофида қад ростлаган тураржойлар, хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасаларига ташриф буюрувчилар сони бир неча баробарга ошган.

– Мазкур ҳудудда енгил машиналар қатновидаги жадаллик бир кунда 50 мингдан зиёд, пиёдалар қатнови 10 минг нафаргача кузатилади. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида пиёдалар учун ерости йўли қурилиши лойиҳаси амалга оширилаяпти, – дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бош мутахассиси Ҳусниддин Сувонов. – Лойиҳага кўра еростидан тўрт томонга чиқиш йўли қурилади. 300 погонометрга тенг йўлнинг узунлиги 162,3 метр, кенглиги 6 метр, баландлиги 3,2 метр бўлиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Шароф Рашидов ва Шифокорлар кўчаси кесишмасида айланма йўл қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудда Фориш туманига чиқишга 22,3 километрлик автомобиль йўли барпо этилиши белгиланган. Ҳозирда 700 метрдан зиёд қисмида ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Бу каби янгиликларни Сирдарё-Жиззах йўлининг халқаро аҳамиятдаги йўналишида қурилган янги йўлни Жиззах шаҳригача 73 километрини давом эттириш режалаштирилгани билан ҳам айтиш мумкин.

Йўлсозларимиз томонидан замонавий йўлларнинг бунёд этилаётгани аҳолининг узоғини яқин қилиш билан бирга ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини замонавий талабларга мослаштиришга хизмат қилаяпти.

Шаҳноза МАНСУРОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *