“Ихтирочиликка қадам” анъанавий республика танловининг Жиззах вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чорағтадбирлари тўғрисида”ги Фармонида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ихтирочиликка қадам” лойиҳалар танловини ўтказиш ҳамда ушбу танлов ғолибларининг лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.
Жорий йилнинг 26-27 январь кунлари юртимиз бўйлаб мазкур танловнинг ҳудудий босқичларида энг намунали ихтиро эгалари аниқланди. Танловда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари, Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар, давлат ва нодавлат умумтаълим мактабларининг 5-11-синф ўқувчилари иштирок этишди.
Вилоятимизнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 50 та жамоа томонидан тайёрланган лойиҳаларнинг тақдимоти Шароф Рашидов туман Ихтисослаштирилган мактабида ўтказилди.
Ёш ихтирочилар томонидан тўрт йўналишда тайёрланган лойиҳаларнинг ҳар бири 15 дақиқа давомида намойиш қилинди. Унда ўқувчилар таълим сифатини оширишга қаратилган инновацион технологиялар ва усуллар, мобил иловалар, рақамли хизматлар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва самарадорлигини ошириш, ҳавонинг ифлосланиш даражасини камайтириш, ресурсларни тежашга қаратилган лойиҳаларни тақдим этишди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, фахрли 1-ўринни Жиззах шаҳридаги 3-сонли мактаб ўқувчилари жамоаси томонидан тақдим этилган “Ақлли светофор” лойиҳаси муносиб топилди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг “Сунъий интеллектга асосланган қон таҳлилини ўзида жамловчи сайт” деб аталган лойиҳа 2-ўрин, Шароф Рашидов туманидаги 50-сонли мактаб жамоаси яратган “Яшил энергия электр токи ишлаб чиқариш” номли лойиҳа эса 3-ўринни қўлга киритди.
Бўлажак ихтирочилар республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олишди. Якуний жараёнлар жорий йилнинг май ойида ўтказилиши кўзда тутилган.
Шаҳноза МАНСУРОВА