АДОЛАТ ВА ХАВФСИЗЛИК ЙЎЛИДА

Бугунги кунда юртимизда ижтимоий ва иқтисодий барқарорликка таҳдид солувчи иллатлар — коррупция ва одам савдосига қарши курашиш мутлақо янги даражага кўтарилмоқда. Бу иллатлар нафақат давлат тизимини емиради, балки минглаб инсонлар тақдирига фожиавий таъсир кўрсатади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрдаги Мурожаатномасига асосан, 2026 йил мамлакатимизда коррупцияга қарши курашда «фавқулодда ҳолат» йили деб эълон қилинди. Шу муносабат билан тизимли ва кескин чоралар кўрилмоқда. Хусусан давлат органларида коррупцияга қарши комплаенс-назорат тузилмалари кучайтирилиб, раҳбарларнинг антикоррупцион сертификатга эга бўлиши мажбурий этиб белгиланди. Давлат харидлари ва бюджет маблағларининг сарфланиши тўлиқ жамоатчилик назоратига ўтказилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органларининг очиқлигини назорат қилиш бўйича қўшимча ваколатлар берилди. 2025–2026 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва амалдорларнинг даромадларини декларация қилиш тизими изчил жорий этилмоқда. 

Одам савдосига қарши кураш соҳасида ҳам 2025 йилда муҳим ҳуқуқий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 2025 йил 19 майдаги янги қонунчиликка кўра, бу турдаги жиноятлар учун жазо чоралари сезиларли даражада оғирлаштирилди.  Жабрланувчиларни ҳимоя қилиш эндиликда одам савдосидан жабрланган шахслар нафақат давлат ҳимоясига олинади, балки уларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг кафолатланган тизими ишламоқда. Халқаро ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича халқаро рейтингларда ўз мавқеини мустаҳкамлаб, БМТ ва ЕХҲТ билан фаол шерикликни давом эттирмоқда.     

“Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг бош мақсади — инсон қадрини улуғлашдир. Коррупция ва одам савдосига қарши курашишда фақат қонунлар кучига таяниш етарли эмас. Ҳар бир фуқаронинг бу иллатларга нисбатан «мутлақо тоқатсизлиги» ва ижтимоий масъулиятигина бизни ҳақиқий адолатли жамиятга етаклайди. 

М.Саидмуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича

         Жиззах туманлараро суди судьяси.   

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *