CYBER MONTH: МАКТАБ ЎҚУВЧИСИДАН ТАКСИ ҲАЙДОВЧИСИГАЧА

3-28 июнь кунлари вилоятимизда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги – Cyber month” тарғибот тадбирлари ўтказилади. Бу ҳақда 3 июнь куни Киберспорт аренасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда ОАВ ходимларидан ташқари идора ва ташкилотлар раҳбарлари, олий ўқув юртлари, банклар вакиллари ҳам иштирок этишди.

Матбуот анжуманида  вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев, ИИВ киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Муродовлар сўзга чиқишди.  Таъкидландики,  барча ҳудудларда содир этилаётган жиноятлар орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар нисбати кескин ошиб бормоқда. Уларнинг таркиби таҳлил қилинганида, 26% сохта трейдинг, 21% зарарли ҳаволаларни очиш, 16 % чет элга ишга чақириш ва мерос, 18% молиявий пирамида, 11% яқинлар номидан сохта қўнғироқлар эканлиги аниқланган. Шунингдек, киберфирибгарлик, банк кредитларини ўзга шахслар номига расмийлаштириш каби жиноятлар ҳам авж олаяпти. Бунинг энг катта сабаби киберхавфсизлик борасида билимларнинг етишмаслигидир.

Шу сабаб Жиззах вилоятида кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидларга имунитетини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази, вилоятдаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади.

-Таъкидлаш жоизки, кибермаданиятни юксалтириш ойлиги республика бўйлаб биринчи бор Жиззахда ўтказилаяпти, – дейди Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими, майор Лочинбек Атоев. – Бунга вилоятда киберхавфсизлик тарғиботи бўйича тадбирларнинг сифатли ва уюшқоқлик билан ташкиллаштирилиши, фуқаролар фаоллиги каби омиллар туртки бўлди. Жиззах тажрибасидан келиб чиққан ҳолда июль ойида бутун республика бўйлаб кенг қамровдаги тарғибот ойлиги ташкил этилади.

Ўтган йилнинг  сентябрь ойида худди шу мазмундаги тарғибот ҳафталиги ўтказилган ва унинг натижаси кейинги ойларда яққол кўринган – кибержиноятлар 30%гача камайган. Аммо жиноят усуллари ва фирибгарлик турларининг янги, жозибадор шакллари пайдо бўлиши билан жабрланувчилар сони ошиб бораяпти. Республика миқёсида қилинган мурожаатларнинг 30-40% ижобий қаноатлантирилган. Бунда асосий омил вақт, яъни картадан пул йўқолганда ярим соат ичида ички ишлар идораларига хабар бериш ҳисобланади.

 Тарғибот ойлиги доирасида 10 дан зиёд йўналишда танлов ташкил этилиб, унда болалар, турли соҳа ходимлари, ногиронлиги бор шахслар, маҳалла еттилиги, сектор раҳбарлари, меҳнат мигрантлари, ҳаттоки такси ҳайдовчилари ўртасида ўтказилади. Мақсад инновацион тарғибот усулларидан фойдаланилган ҳолда вилоятнинг 1,4 млн.дан ортиқ аҳолисини қамраб олишдир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг оммабоплигини ҳисобга олган ҳолда тарғибот материалларининг телеграм, фейсбук, инстаграм каби тармоқларга жойлаштирилади ва кўришлар сонига қараб ғолиблар аниқланади. Шунингдек, ҳар бир туманда тарғибот тадбирлари, ёшлар ва ташкилотлар ходимлари ўртасида тушунтириш-ташвиқот ишлари олиб борилади.

 

Муқаддас САПАРОВА.

фото С.НОРБЕКОВ..

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *