МАРҲАБО, МОҲИ РАМАЗОН

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазон ойини бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олмоқдалар. Ҳамма бир-биридан ширин, бир-биридан эзгу орзу-умидлар оғушида. Кимдир Рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатмига сомеъ бўлиб, кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш илинжида.

Кимдир, бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю кудурат, хусумат каби  иллатлардан қалбини мусаффо этиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очишни ният қилгандир. Яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида интиқлик билан рамазонни кутаяпти.
Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ой. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишар эдики, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея яратганга илтижолар қилардилар. Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун захира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида “Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея тинмай дуода бўлардилар.

Солиҳ салафларимизнинг Рамазонга муносабатлари ана шундай эди. У зотлар бутун бошли йилга Рамазон орқали назар солганлар. Рамазонни йилнинг асоси ва меҳвари деб билганлар. Шу боис ҳам ярим йил давомида Парвардигордан Рамазондаги ибодатларини қабул қилишни сўрасалар, қолган ойларни “Рамазонга етказ!” деган илтижо тилларидан тушмаган.

Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Рамазон Қуръон ойидир. Қуръон билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва қизиқиш билан Раббисининг китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Ва бу ҳолат ўзининг лисони ҳоли ила бутун оламга бу ой Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.

Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳис салом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир хонадон баҳараманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда адо этардилар.

Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.

Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади.

 Ботирхон РЎЗИЕВ,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Жиззах вилояти вакили ўринбосари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *