Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 июлдаги “2022 – 2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилингач, бу мамлакатимизда автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш, пиёдалар учун хавфсиз йўл шароитларини яратиш ва энг асосийси, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш учун катта имконият яратди.
Ушбу дастур орқали автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш ва рақамлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш белгиланганди.
Дастур доирасида вилоятимизда ҳам қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мавжуд автойўлларнинг техник ҳолатини яхшилаш, ҳайдовчи ва пиёдалар учун хавфсиз ҳамда сифатли йўлларни барпо этиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этган.
–Белгиланган топшириқларга кўра, воҳамиз бўйлаб якунига етган йилда автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш йўналиши бўйича 2180 дона йўл белгилари ўрнатилиб, яроқсиз ҳолатга келганлари янгисига алмаштирилди, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта инспектори катта лейтенант Аббос Дадашов. –Жумладан, 20 та йўналишларда дастлабки, йўналтирувчи ва масофа кўрсатувчи йўл кўрсаткичлари ўрнатилиб, 63 км пиёдалар учун йўлкалар ҳамда велосипед йўлаклари қурилди.
Шунингдек, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида қарама-қарши йўналишларни ажратиб турувчи 30 км масофада I гуруҳ тўсиқлар ҳамда 7 км масофада пиёдалар ҳаракатидан чекловчи воситалар (панжаралар) ўрнатилди. Пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтган йил ҳисобидан яна 2 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ҳамда 23 дона янги светофор объекти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Воҳамиз марказидаги аҳолининг гавжумлиги ва йўллардаги тирбандликлар ҳисобга олиниб, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов шоҳ кўчасидаги “Кўкбозор” ҳамда Ислом Каримов шоҳ кўчаси, Ёшлар шаҳарчаси ҳудудлари атрофида қулай ва замонавий ер ости туннеллари барпо этилди ва бу минглаб пиёдаларни хурсанд қилди. Дарҳақиқат, йўлсозлар томонидан замонавий йўл, йўл ўтказгич, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон, энг асосийси, ҳаракат хавфсизлигини таъминламоқда.
Эътибор қилсак, йўллардаги турли йўл-транспорт ҳодисаларига эҳтиётсизликдан ҳам кўра ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларни қасддан бузиши, жарима ва қонуний жазолардан қўрқмаслик, ҳайиқмаслик одатлари сабаб бўлаётганини кўрамиз. Бу каби ҳолатларнинг кескин камайишида назорат камераларининг ўрни катта, албатта. Ўтган йили вилоят ва туман ҳудудларига кириш жойлари ҳамда турли чорраҳаларга қоидабузарликларни қайд этувчи жами 45 та назорат камералари ўрнатилиб, республика мониторинг марказларига интеграция қилинди. Жорий йил якунига қадар эса яна 65 та сўнгги русумдаги, сифатли назорат камераларини йўлларга жорий қилиш ва бу орқали автоуловлар ҳаракатини бошқариш тизимини рақамлаштириш кўзда тутилган.
Вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг йўл ҳаракати қоидалари тўғрисидаги билимларини шакллантириб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Таълим муассасаларида “Диққат, йўловчи”, “Диққат, болалар!”, “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунали йўловчи” номли кўрик танлов ва профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар тайёрланиб, республика ва маҳаллий ОАВда мунтазам чиқишлар қилиб келинмоқда. Навқирон авлод вакилларининг йўлларда тўғри ҳаракатланиш маданияти бўйича назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги 104 та умумтаълим мактаб ўқувчилари учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари ташкил этилган.
“Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури ижросини таъминлаш мақсадида вилоят мутасаддилари томонидан ҳаракат хавфсизлигини тўғри ташкил этишга қаратилган ижобий ишлар келгусида содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади, албатта. Ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда ўзининг жамоат жойида эканлиги, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати бошқалар ҳаётига салбий таъсир қилиши мумкинлигини англаши керак.
Йўлларда содир бўладиган ҳар бир ҳалокат ортида инсон ҳаёти, бир оила фожиаси, юракка ботадиган аламли нидолар ётади. Йўлдаги бир сониялик эътиборсизлик онани боладан, отани фарзанддан айириши, оила аъзоларининг мунгли кўз ёшига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, атрофимизда қанчалик замонавий техника ва кучли назорат камералари бўлмасин, инсоннинг ўз фуқаролик мажбурияти ва масъулиятисиз “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури ижросини таъминлаш мушкул. Бу хайрли ишга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт!
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.