ЭЛГА СУЯНЧ БЎЛГАН УСТОЗ

Инсоннинг эл орасидаги қадри лавозим ёки унвон билан эмас, йиллар давомида қилган эзгу ишлари билан белгиланади. Айниқса, умрини таълим-тарбияга бағишлаган, нафақадан кейин ҳам одамлар ташвишига бефарқ бўлмаган инсонлар ҳурмати алоҳида. Инъомов Камол-ота ана шундай инсонлардан. Устозлик, она юртга муҳаббат ва элга хизмат унинг ҳаёт мазмунига айланган.
Камол-ота 1948 йилда Шароф Рашидов туманидаги «Шариллок» маҳалласида туғилган. Шу ердаги 18-мактабни тамомлаган. Болалигидан мусиқага қизиқиб, турли тадбирларда қўшиқ куйлаган, миллий чолғу асбоблари танбур, дутор, рубоб ва доира чалган. 1965–1968 йилларда Тошкент маданият техникумида таҳсил олган.
1971 йилда ҳарбий хизматдан қайтгач, қишлоқдоши Маматқул Қобиловнинг маслаҳати билан ўзи таҳсил олган мактабга бу сафар педагог сифатида қайтди. 18-мактабда қарийб 40 йил меҳнат қилди. Мусиқа фанидан дарс бериш билан бирга, чақириққача ёшларга ҳарбий тайёргарлик асосларини ҳам ўргатди.
Унинг отаси Инъом-ота колхоз омборига мудирлик қилган. Табиатан юмшоқ бўлса-да, фарзандларининг таълими ва тарбиясига қаттиқ талаб қўйган. Бу фазилатлар Камол-ота характерида ҳам намоён бўлган: у меҳрибон, айни пайтда ўзига ва атрофидагиларга талабчан инсон.
Кўп йиллик педагогик фаолияти давомида Камол-ота кўплаб шогирдларга таълим берди. Улар орасида Али Холбеков, Ўктам Муталиев, Ёқуб Акабоев, Жасур Астанов ва бошқалар бор. Бугун улар турли соҳаларда меҳнат қилмоқда. Аммо устозини унутмай, ҳар йили 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар кунида уни қутлаш учун келадилар.


Камол-ота кўп йиллар боғча тарбиячиси бўлиб ишлаган рафиқаси Туманой-она билан бирга олти нафар фарзандни вояга етказди. Бугун уларни 17 нафар набира ва чевара меҳри қуршаб турибди. Ўғилларидан бири ҳарбий хизматчи, яна бири тадбиркорлик билан шуғулланиб, қўшимча даромад манбаи сифатида кичик нонвойхона очган.
Оиланинг алоҳида фахри набираси Султон Раимқулов. У Жиззах давлат педагогика университети жисмоний тарбия факультетининг биринчи босқич талабаси. Ўзбекистон чемпиони Султон ўтган йили Таиландда ўтказилган мусобақада жаҳон чемпиони бўлди. Айни пайтда у сентябрь ойи охирида Италияда ўтказилиши кутилаётган чемпионатга тайёргарлик кўрмоқда.
Камол-ота болалик йилларини илиқ хотиралар билан эслайди. Унинг айтишича, ўша даврда мусиқа асбобини топиш осон бўлмаган, компьютер эса тасаввурга сиғмайдиган даражада илғор техникадек туюлган. Бугун эса замонавий технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Унинг фикрича, муҳими ёшлар яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, билимга интилишидир.
2011 йилда нафақага чиққан Камол-ота жамоат ишларидан четлашмади. Шундан буён у ўз қишлоғида фаол «элликбоши» сифатида аҳоли билан ҳамнафас яшаб келмоқда.
— Биз Камол-ота билан 1994 йилдан буён қўшни яшаймиз. У доимо одамлар, она юрт ва қишлоқдошлари тақдирига бефарқ эмас. Аҳоли билан бирга қабристонда ҳашарлар ўтказди, масжид қурилишида иштирок этди, ичимлик суви таъминоти ва ободонлаштириш ишларига кўмаклашди. Август ойида унинг фаол қўллаб-қувватлаши натижасида аҳоли «Open budget» лойиҳасида ғолиб бўлиб, уч километрлик йўлни асфальтлаш имкониятига эга бўлди, — дейди унинг қўшниси Шерқўзи ГАЗИЕВ.
Бугун Камол-ота 18 сотих ерида картошка, сабзи ва пиёз етиштиради, қўй боқади, чорвачилик билан шуғулланади.
Камол-ота учун ёш ҳаётдан четга чиқиш дегани эмас. Унинг босиб ўтган йўли кўп йиллик меҳнат, эзгу ишлар ва инсонларга ғамхўрлик билан йўғрилган. Ана шу фазилатлар унинг эл орасидаги ҳурматини мустаҳкамлаб келмоқда.

Шахноза ДЖАЛИЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *