УМИД УЧҚУНЛАРИ ПОРЛАГАНДА

Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори эзгу ишларга дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Қарор асосида вилоятимизда эҳтиёжманд юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиниб, бемори бор оилаларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Ана шундай эҳтиёжманд оилалардаги 216 нафар беморнинг бепул даволаниши режалаштирилган. Касалликдан азият чекаётган ҳамюртларимиз босқичма-босқич шифо масканларига жойлаштирилмоқда. Даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ барча харажатлар «Вақф» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қоплаб берилаяпти.
Жараёнда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходимлари рўйхатга олинган беморларнинг уйларига бориб, уларга бепул даволаниш учун ваучерларни топширмоқда. Шундан сўнг беморлар тез тиббий ёрдам автомашиналари орқали шифохоналарга олиб келиниб, мутахассислар назорати остида стационар шароитга жойлаштириляпти.

Пахтакор туманида яшовчи 18 ёшли Маржона Қўшмуротова туғма юрак нуқсони билан оғриб келганлиги сабабли мунтазам юрак етишмовчилиги, нафас сиқишидан азият чекиб келаётган эди. Оиладаги етишмовчиликлар қизни даволатиш имконини бермас, бу вазиятдан қизнинг яқинлари ҳам доим тушкунликка тушишарди. Маржонага ваучер топширилганида оила аъзолари беҳад мамнун бўлишди.

Шу куни Маржона тез тиббий ёрдам машинасида республика ихтисослаштирилган Кардиология марказининг Жиззах филиалига ётқизилди. Замонавий тиббий ускуналар ва малакали мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тез кунларда беморнинг батамом шифо топиши учун барча зарур чоралар кўрилиши кутилмоқда
Ҳозирга қадар вилоятимизда соғлиғини тиклашга имкон топа олмаятган жами 68 нафар юртдошларимизга бепул даволанишлари учун ваучерлар топширилди.
Рамазон ойи нафақат рўза тутиш, балки муҳтожларга ёрдам бериш, қариндош-уруғ ва қўшниларга меҳр кўрсатиш, саховат қилиш ойидир. Бу ойда қилинган ҳар бир эзгу амалнинг савоби бир неча баробар қилиб ёзилиши ҳақида динимизда кўплаб оят ва ҳадислар келтирилган. Аҳоли саломатлиги йўлидаги мазкур ташаббус юртдошларимизнинг қалбида миннатдорлик туйғуларини уйғотибгина қолмай, юртимиз узра раҳматлар ёғдиради, келажак авлод қалбида эзгуликка интилиш ҳиссини оширади.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *