Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида ҳар хил ёш тоифалари ўртасида таэквондо WT бўйича навбатдаги “Fujairah Open-2026” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Турли давлатлардан келган 2 мингдан зиёд маҳоратли спортчилар орасида юртдошларимиз ҳам муваффақиятли иштирок этишди. Мусобақа айниқса, истеъдодли ёшлар учун катта маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилди. Ёш таэквондочилар иштирокидаги муросасиз беллашувлар сарҳисобига кўра, ҳамюртларимиз 7 та олтин, 6 та кумуш ва 13 та бронза медалларини қўлга киритди. Бу эса мамлакатимизнинг ҳар бир нуқтасида ушбу спорт турининг кенг қулоч отиб, ривож топаётганидан дарак беради.
Хусусан, жиззахлик иқтидорли спортчилар ҳам ушбу натижаларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди. Турнирнинг ёшлар ўртасидаги беллашувларида Шермуҳаммадхон Қаҳҳоров (48 кг) ҳамда Одина Жўрабоева (55 кг) чемпионликни қўлга киритган бўлса, Эъзоза Шуҳратова (51 кг) ҳамда Одина Қайсарова (33 кг) ўсмирлар иштирокидаги баҳсларда бронза медалларига сазовор бўлишди.
Чемпион бўлган спортчиларимиз шарафига Фужайра спорт майдонида Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.