ЯНГИ ҚУВВАТЛАР ИШГА ТУШИРИЛАДИ

Вилоятимизда саноат ишлаб чиқаришнинг тармоқлар кесимидаги ривожини енгил саноатда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йил сайин ортаётганида  кўриш мумкин. Энг муҳими, бугун вилоятда ишлаб турган 700 га яқин тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида 5 мингга яқин аҳоли бандлигининг таъминлангани соҳа тараққиёти бевосита ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади. 2026 йилда воҳамизда тўқимачилик ва енгил саноатда тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 150 миллион донага етказилиб, экспорт ҳажми ўтган йили 61, 7 миллион долларга етказилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 75 миллион долларга, қарийб 22 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Аслида,  вилоятимизда енгил саноатнинг жадал ривожланаётганини бундан ўн йил аввалги кўрсаткич билан солиштириш кифоя. Агар 2017 йилда етиштирилган пахтани чуқур қайта ишлашнинг дастлабки босқичи – калава ип ҳолига келтириш 20-25 фоиз атрофида бўлган бўлса, бугунга келиб мавжуд йирик корхоналарда тайёр трикотаж ишлаб чиқаришгача бўлган қўшилган қиймат занжирининг тўлиқ цикли ишга   туширилаётгани натижасида вилоятда трикотаж мато ишлаб чиқариш қуввати 21,2 минг тонна, газлама 12 минг тонна ва тайёр трикотаж кийим кечаклар 25 миллион донага етди.

– Корхонамизнинг тўқув залида 34 та замонавий мато тўқиш дастгоҳи, бўёқ цехида эса 16 та катта-кичик бўёқ қозонлари ишлаб турибди,—дейди “Paxtakor Teks” МЧЖ иш юритувчиси Фаёз Алимов. — Бу борада маҳсулот сифати ва уни бўяш учун ишлатиладиган ранг коллекцияси – барчаси замонавий технологияларга асосланган. Мисол учун, Жиззах трикотаж саноати учун янгилик бўлган мана бу робот бўёқ кукунлари ассортиментидан керакли миқдорни ажратиш ва талаб этилган янги рангни тайёрлашга ихтисослашган.

—Роботнинг ишлаш аниқлиги ва сезгирлик даражаси бир вақтнинг ўзида 48 та ранг дозасини синтезлаш имконини беради, —дейди туркиялик технолог Сезен Демирташ. —Шу туфайли биз лаборатория ва ишлаб чиқариш ўртасида мукаммал мувофиқликка эришамиз. Ранг намунаси тайёр бўлгач, спектрал фотометр ёрдамида харидор танлагани билан таққослаймиз. Мана шу матога ранг танлаш жараёни бугун корхонамизда энг юқори аниқлик билан амалга оширилаётгани  ушбу технологиянинг сифатли эканлигини кўрсатади.

Бу борада матога гул босиш ҳам мато офсети усулига ўтказилган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган сифати юқори ва харидоргир гулдор трикотаж материаллар бугун МДҲ давлатларидан ташқари, Европа бозорларига ҳам кириб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, тўкимачилик ва трикотаж ишлаб чиқариш саноати Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пахта етиштиришдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнда даромадли соҳага, аҳолини иш билан таъминлашнинг қулай муҳитига айланди.

Қайд этиш керак, вилоятимизда ўтган 2025 йилда тўқув-трикотаж соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 трлн сўмга етказилиб, жами саноат ишлаб чиқаришдаги ҳажми 15 фоизини ташкил қилди. Ўз навбатида,  амалга оширилган 61,7 млн доллар қийматдаги экспорт жами маҳсулотлар ташқи бозор савдо ҳажмининг 21 фоизидин ортиқ бўлди. Бугунги кунда вилоятимизда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 30 фоиздан 50 фоизга етказиш, 150 млн дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, соҳада экспорт ҳажмини 75 млн долларга етказишга хизмат қиладиган янги қувватларни ишга тушириш устида иш олиб борилмоқда.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *