«IT Park Uzbekistan»нинг Жиззах филиали «AMEGA» компанияси Қирғизистон Республикасида «1С:ERP FLEX» ERP тизимини жорий этишга қаратилган йирик халқаро лойиҳани муваффақиятли амалга оширди.
Қирғизистонда Beeline савдо белгиси остида фаолият юритаётган «Скай Мобайл» МЧЖда тақдим этилган мазкур лойиҳа Ўзбекистон IT-соҳасининг экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб, халқаро миқёсда юқори эътирофга сазовор бўлди.

Лойиҳа якунларига кўра, «AMEGA» компанияси 500 дан ортиқ аризалар орасидан сараланиб, «1С: Йил лойиҳаси» танловининг «Қирғизистон Республикаси бўйича энг яхши миллий лойиҳа» номинациясида ғолиб деб топилди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнига «AMEGA» компаниясининг бош директори ва асосчиси Армен Вирабян раҳбарлик қилди.
Ишлар Қозоғистон Республикасидаги «1С» компаниясининг расмий ваколатхонаси — «ИнфоСофтПром» МЧЖ назорати остида амалга оширилди. Ушбу ваколатхона томонидан «AMEGA» жамоасининг юқори профессионал даражаси, тезкорлиги ва жорий этиш сифати алоҳида эътироф этилди.
Лойиҳанинг асосий жиҳати — «1С:ERP FLEX» тизимининг жорий этилиши бўлди. Бу «1С» компаниясининг энг сўнгги технологик ечимларидан бири бўлиб, ягона «1С:DataEngine» оркестратори асосида ишлайди. Ушбу технология бошқарув ва бухгалтерия ҳисобини узвий интеграция қилиш имконини бериб, фойдаланувчиларга (1С:ERP World Edition) ягона интерфейс орқали операцияларнинг тўлиқ занжирини кўриш ҳамда уларни автоматик тарзда «Қирғизистон учун 1С:Бухгалтерия» тизимида акс эттириш имконини яратди.
Сабина Мингбаева.