“СЕҲРЛИ РАНГЛАР” ИСТЕЪДОДЛАРНИ ЖАМЛАДИ

“Сеҳрли ранглар” анъанавий республика ижодий танловида Шароф Рашидов туманида жойлашган 8-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Ойша Тожибоева “Амалий санъат” йўналишида Гран-при соҳиби бўлди.

Юртимизда ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бадиий маҳорати ва ижодий салоҳиятини намоён этишга қаратилган мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўтказилган саралаш жараёнларида республикамизнинг барча ҳудудларидан болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда 6 ёшдан 35 ёшгача бўлган 600 нафардан ортиқ ижодкорлар иштирок этди.

Қатнашчилар “Дастгоҳли рангтасвир”, “Дастгоҳли графика”, “Миниатюра”, “Ҳайкалтарошлик”, “Амалий санъат” ва “Дизайн” йўналишларида ўз истеъдодларини намоён қилишди. Ижод намуналари ҳакамлар ҳайъати томонидан шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида баҳоланди.

Жиззахлик ёшлар мазкур танловда фаоллик кўрсатишди. Жумладан, Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Озода Муҳаммадиева, Пахтакор туманидаги 14-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Шахриза Жавлонбекова ва Раъно Нажмиддинова, Жиззах шаҳридаги 1-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Кумуш Иминқулова амалий ва тасвирий санъат йўналишларида 1-ўринни қўлга киритишди. Бундан ташқари, беш нафар ўқувчи 2-ўринга, уч нафари эса 3-ўринга муносиб деб топилди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *