Маълумки, 1996 йил апрель ойида ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳида ўтказилган “Амир Темур ва темурийларнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги конференцияда 23 апрель — “Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” дея эълон қилинган эди. Дунё жамоатчилиги томонидан кенг нишонланиб келинаётган мазкур сана муносабати билан вилоятимиздаги ахборот кутубхона марказларида, олий ва умумтаълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги ихтисослаштирилган мактабда фаол педагоглар ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида “Ибрат саҳифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда муассасанинг маънавий-маърифий ишлари бўйича масъул ўқитувчилари томонидан ўқувчиларнинг илм-фандаги фахрли ютуқлари айтиб ўтилди. Шунингдек, соҳалар ривожида ҳам, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятининг ошиб боришида ҳам китоб мутолаасининг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.

- Ўқув даргоҳимизда 365 нафар ўқувчи таълим олмоқда, — дейди ихтисослаштирилган мактаб директори Наргиза Қаршибоева. — 20 нафардан ортиқ ўқувчилар республика ва халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритишган. Жорий ўқув йилида 25 нафар битирувчи ўқувчидан 18 нафари турли даражадаги сертификатлар соҳиби бўлишди. 8-синфдан юқори босқичда таълим олаётган ўқувчиларимиз турли фанлардан 109 та сертификатни қўлга киритишди. Айни кунларда 40 нафардан иборат малакали педагоглар жамоамиз ҳар бир ўқувчининг илм-фандаги ютуқларини янада кўпайтириш мақсадида жонкуярлик билан фаолият олиб боришмоқда.

Давра суҳбати давомида ота-оналар томонидан 120 та китоб муассаса кутубхонаси учун совға қилинди. Сўнг мактабнинг ҳовли қисмида ташкил этилган “Ота-оналар боғи”га 140 та манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

Гулчеҳра ХИДИРОВА
Муаллиф олган суратлар.