Зомин туманининг Даштобод шаҳарчасида жойлашган таэквондо WТ спорт маркази ушбу спорт турининг вилоятимиз бўйлаб кенг оммалашувида муҳим ўрин тутмоқда. Ишга тушган пайтлари бу ерда 80-90 нафар спортчи машғулот олиб борган бўлса, уч йил ўтиб уларнинг сони 200 нафардан ошди. Умуман олганда, бугунги кунда вилоятимиз бўйлаб таэквондо спорт тури 2 мингга яқин эртамиз эгаларини қамраб олгани қувонарли.
Малакали мураббийлар қўлида камол топаётган умидли таэквондо усталари вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли турнирларда ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилмоқдалар. Ана шундай шижоатли ёшлардан бири зоминлик Худойназар Шодмонов эндигина 17 ёшни қарши олган бўлишига қарамай аллақачон спорт ҳавосининг юқори тафтини туюб улгурди. 2008 йили Зомин тумани Увол қишлоғида, оддий оилада туғилган Худойназар даставвал ҳаёт йўлларини спорт билан боғлашини тасаввур ҳам қилмаган эди. Волейбол бўйича ўтказилган мактаблараро ҳаваскор мусобақаларда ўзини кўрсатиб келган бақувват йигитчанинг иқтидорини маҳаллий мураббийлар тезда пайқаб қолишади. Ҳозирда Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясининг Жиззах вилояти бўлими масъул котиби бўлиб ишлаётган маҳоратли мураббий Музаффар Ҳамроқулов Худойназар билан гаплашиб, унга ўз қўли остида таэквондо билан шуғулланиб кўришни маслаҳат беради. Айнан ушбу мутахассис табиатан жайдари ва тўпори йигитни энг биринчи босқичлардан бошлаб профессионал спортга олиб киришга қарор қилди. Бу таклифни эшитиб, олдин бироз иккиланган ўспирин бир неча кун давомида олиб борилган машғулотлардан сўнг айнан таэквондо ўзи учун энг мақбул спорт тури эканига амин бўлди. Кейинчалик у бошқа спорт турларига чалғимай бир мақсад йўлида тер тўкиб, натижага эришишга аҳд қилди. Мактабини туман марказига кўчириб, шу ердаги спорт мактабида таэквондонинг барча сир-асрорларини ўзлаштирди. Худойназарга жанглар давомида узун ва чаққон оёқ-қўллари катта устунлик берар эди. Мураббийи Музаффар аканинг муҳим кўрсатмалари эвазига у қисқа йиллар ичида катта марраларни забт этишни уддалади. Ўсмирлар ўртасидаги мамлакат биринчиликларида бир неча марта совриндорлар сафидан жой олган умидли спортчи энди нуфузли турнирларда ҳам ўз омадини синаб кўришга ҳаракат қилди. Катталар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида Худойназар Шодмонов учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, биринчи ДАН қора белбоғ соҳиби бўлган қаҳрамонимизнинг кўксини “Qatar Open 2023”, “Осиё болалари”, “Корея Республикаси элчиси кубоги”, “Fujayra Open” ва “МДҲ ўйинлари” каби ўнлаб турнирлардаги турли даражадаги медаллар шодаси безаб турибди. Спортчи учун айниқса, ўтган йилги “Президент Олимпиадаси” тизимли мусобақасининг ўрни бўлак. У 78 кг вазнлилар ўртасидаги беллашувларда қатнашиб, олтин медални қўлга киритди. Бу натижа орқали у Павел Хан бошчилигидаги терма жамоадаги ўрнини ишончли тарзда мустаҳкамлади.
Машғулотлар ҳақида гапирар экан, лавҳамиз қаҳрамони шу нарсага жиддий тўхталади: «Натижа бир кунда келмайди, ҳар куни тер тўкмасанг, медалларнинг нуфузи ҳам ўзгармайди». Унинг фикрича, мусобақада ғалаба қозониш сири аслида оддий, бироқ оғир ҳақиқатда намоён бўлади: машғулотларда бир усул шунчалик кўп такрор бажарилсинки, жанг пайтида уни ички интуиция орқали рақибга осон қўллашнинг имкони бўлсин. Ҳа, мусобақаларга тайёрланиш жараёнига спортчиларнинг ёндашувлари турлича. Лекин мақсад битта — ғалаба.
Спортда секин-асталик билан тобланиб бораётган йигитчанинг келажаги порлоқ. У жамики марраларга дастлабки поғоналардан туриб ўз кучи билан эришишга ўрганган. Қаерда қийинчилик юзага келса, уларни сабр ва матонат билан енгишни ўзига одат қилган. Бунга уни мураббийи уқтирган. Айни паллада Худойназар 2028 йилги Ёзги Олимпиадага йўлланма берувчи лицензион турнирларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ердаги муваффақиятли натижа унга тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш имконини беради.
Мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга бел боғлаган ёш таэквондочига келгусида ҳам омад ёр бўлишини, машаққатли машғулотларининг самараси катта ғалабаларга уланишини тилаймиз. Чунки ана шундай иродали ёшлар билан спортимиз эртаси янада порлоқ бўлади.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.