Ўқув йили бошланмасидан олдин яқин дўстим бир савол сўраб ёзиб қолди.
Мазмуни қуйидагича:
” – Дўстим сиз таълим соҳасидасиз. Қизим шу пайтгача боғчада рус группага борган эди, бу йил мактабга чиқаяпти, шунга нима маслаҳат берасиз уни рус синфга жойлаштирсамми ёки ўзбек синфгами?”
“- Тўғриси, бу савол менда ҳам очиқ турибди, ҳали бир тўхтамга келмаганман” – деб жавоб бердим.
Тўнғич фарзандим кейинги йилдан мактабга чиқади. Ота-она сифатида унга яхши таълим муҳити (яъни мактаб), устоз топиб жойлаштириш, айни пайтдаги қаттиқ ўйлантираётган кун тартибидаги масаламиздан бири. Бу билан бирга таълим тилини ҳам танлашимиз керак.
Медиа орқали таниқли зиёлиларимиз томонидан рус тилининг асосан боланинг тарбиясига, аҳлоқига таъсири рискли ҳолатлиги ҳақида маълумотлар кўрдим. Камина бу мақола орқали рус тилидаги таълим боланинг ақлий ривожланишига қандай таъсир қилаётганлигини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади.
Рус тилининг ўзбек жамиятидаги ўрни
Бу масала кўпчиликка деярли тушунарли, рус тилида гапира олишингиз сизни ёки фарзандларингизни тенгдошларидан бир поғона устун қилади. Яхши иш топишда, муваффақиятли карьера қуришда жуда керакли инструментлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ота-оналар рус тилини ўргатишга қаттиқ киришади. Қолаверса, давлатимиз маълум муддат Собиқ Иттифоқ таъсирида бошқарилганлиги натижасида ўша пайтдаги даврдан қолиб кетган “Рус тилини билмаслик – қолоқлик белгиси” тушунчаси ота-онада рус тилини фарзандлари учун таълим тили сифатида танлашга туртки беради. Бу тушунча бизнинг миямизда, онг остимизда “руҳий травма” бўлиб қолган. Ёки бўлмаса ҳозирги пайтда кўпчилик эркакларимиз, аёлларимиз ҳам пул топиш мақсадида Россия давлатига бориб ишлашмоқда. Борганларида биринчи дуч келадиган асосий муаммоларидан бири – тил муаммоси. Бу ота-оналар, фарзандлари ўзлари дуч келган муаммога дуч келмаслиги учун рус тили синфларида ўқитишни хоҳлашади.
Камина ҳам юқоридаги сабаблар таъсирида фарзандимга яхшиликни истаб, рус боғчага ва “почемучка”га беришга қарор қилган эдим.
Кейинги йилдан мактабга боришимиз керак, энди бироз чуқурроқ танқидий таҳлил қилишга тўғри келади. Буёғи жиддий масала, нега бунчалик жиддийлигини шахсий кузатувларим, бу мавзуда ўқиган мақолаларим ва кўрган видео подcастларим асосида тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Кузатувларим
Қарийб 5 йилдан бери бошланғич мактаб ўқувчиларини Президент мактабларига тайёрлаб келамиз. Бу йиллар давомида кўплаб рус синфларида ўқиган ўқувчилар шогирдларимиз бўлишди. Аксарият ҳолларда рус тили синфидан келган болалар ўзбек тили синфларидан келган ўқувчиларга нисбатан пастроқ натижалар кўрсатишади, албатта ҳар доим истиснолар, ҳатто рус синфда ўқиб Президент мактабига кирган ўқувчлар ҳам бўлган.
Тажрибам давомида ота-онанинг хоҳишига қурбон бўлиб қолган кўплаб болалар келишган. Яъни, ота-она фарзанди рус синфда ўқиса муваффақиятли келажак таъминланади деб ўйлашади. Ўзлари рус тилини билишмайди, уйда эса доимгидек ўзбек тилида мулоқот. Натижада болада луғат бойлиги етишмаслиги сабабидан синфдаги айтилаётган тушунчаларни англай олмайди, ўқитувчининг унга алоҳида ўтириб тушунтиришга вақти етмайди. Шу ҳолда 3 йил ўтиб кетади, 4-синфда ота-она бизга фарзандимни Президент мактабига тайёрлаб беринг, деб олиб келади. Бола жуда оғир аҳволда, бу пайтга келиб, унинг дарсларни қабул қилиш қобилияти жуда пасайиб кетади, салоҳияти йўқолиб боради. Математик танқидий фикрлашга қийналади, ўзига ишончи тушиб кетган бўлади. Бизда берилаётган билимни қабул қилиш самарадорлиги ҳам пастлашади. Натижа – йўқотилган вақт, йўқотилган ақлий салоҳият ва йўқотилган келажак. Тиклаб бўлмайдими? Иложи бор, албатта, лекин энди тикланиш учун анча вақт ва сармоя керак бўлади.
Иизланишлар натижаси
Дунё жамоатчилиги бу борада қандай фикрда экан, деб бу мавзуда чоп этилган илмий мақолаларни, баҳсли суҳбат ва подкастларни ҳам чуқур таҳлил қилдим.
Бу борадаги илмий ишлар ва баҳслар ўтмишда биз каби мустамлака бўлган давлатлар олимлари ва зиёлилари томонидан кўплаб олиб борилган экан: Африка қитъаси давлатлари, Покистон, Ҳиндистон ва ҳк. Ушбу давлатларда инглиз тили жамиятда вертикал ўсиш воситаси бўлиб, биздан фарқли равишда бу каби давлатларда бир-бирини такрорламайдиган маҳаллий тиллар жуда кўп. Масалан, Ҳиндистонда 122 та асосий тил бўлиб, мамлакат аҳолиси 1599 та ҳар хил тилда гаплашишади. Нигерияда эса 500 дан ортиқ тилда мулоқот қилинар экан. Бу каби мамлакатларда таълим тилини она-тилида жорий қилишнинг ўзи жуда катта меҳнат талаб қиладиган жараён: дарсликлар тайёрлаш, ўқитувчилар тайёрлаш, мактаб ва синфларни шунга мослаш каби кўп бош оғриғи бўладиган ишларни ўз ичига олади. Лекин шундай бўлсада бу давлатларнинг олимлари ўқувчи ўз ОНА ТИЛИ (уйда гаплашадиган тил)да таълим олса, бошқа тилда таълим олганга нисбатан самаралироқ таълим олиши мумкинлигини йиллар давомида кўплаб тажраба ва изланишлар орқали исботлашган. Бизда эса улардаги каби бош оғриги йўқ, айни пайтга келиб ўзбек тилидаги материалларимиз сифатли таълим учун етарли даражада.
ЮНЕСКО ташкилоти ҳам 1953 йилдан бери болалар бошланғич таълимни ўз ОНА ТИЛЛАРИДА олиши кераклигини рағбатлантириб келмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, агар бола дарс тилини яхши тушунмаса, бу ўқитилаётган нарсага қизиқишнинг пасайишига ёки умуман йўқолишига олиб келади. Она тили болаларнинг математика дарсларида фаол иштирок этиши, тушуниши яхшилашига ёрдам беради ва бу турли тестларда юқори натижаларга олиб келади. Болалар яхшироқ тушунишга эришганда, улар уй вазифаларини чекланган ёрдам билан ёки ҳеч қандай ёрдамсиз бажаришлари мумкин.
Зийрак ўқувчида, “она тилида ўқиса ҳам паст натижа кўрсатаётган ўқувчилар бор-ку”, деган савол туғилиши мумкин, бу саволнинг жавоби алоҳида постнинг мавзуси бўлади.
Хулоса қиладиган бўлсам, биз фарзандимизни қайси тилда ўқитамиз буни қарор қилишда унинг салоҳиятидан ва бизнинг имкониятимиздан келиб чиқиб бир тўхтамга келамиз. Қизимиз билан доимий рус да мулоқот қилиш имкониятимиз йўқ, қолаверса у ҳам бирор билмай қолган нарсасини орқасидан қувиб сўрашга эринчоқлик қилади, демак хавфсиз йўл бу – ўзбек синфга бериш !!!
Рус тилига келсак уни ҳам алоҳида ўрганади, лекин рус мактаб (синф)да эмас.
Сардор ЭРЖИГИТОВ,
“Zakо” ўқув маркази ўқитувчиси.