Азиз мўмин-мусулмон биродарлар! Сизларнинг барчангизни муборак ой — рўза ва Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойи, барака ва савоб ойи — Рамазони шариф ойи кириб келиши билан чин юракдан қутлаймиз. Аллоҳ таоло ойлар ичида Рамазонни фазилатли қилди. Бу ойда Қуръон нозил бўлган, рўза тутиш фарз қилинган. Рўза танага ҳам, руҳга ҳам файзу қувват бағишлайди. Ушбу ойда Аллоҳга ҳар қачонгидан-да яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имконияти кўп.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойни ғанимат билишга чорлаб, бундай деганлар: “Сизларга Рамазон ойи келди. У муборак ойдир. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, (барча яхшиликлардан) маҳрум бўлибди”. (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини Қуръони каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оят билан фарз қилди:
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғ бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар турадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Сўнг у эшикдан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).
Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта “мен рўзадорман”, десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир”, деган (Имом Бухорий ривояти).
“Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ойда сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди”.
Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Зеро, мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтиришлари, оилаларга, бемор-ногиронларга ёрдам қўлини чўзишлари, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари фазилатли ва савобли ишлардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом одамларнинг энг сахийси бўлганлар. Рамазон ойида эса бошқа ойларга қараганда саҳийликлари янада зиёда бўлиши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ичида яхшилик қилишда энг сахийси эдилар. У зотнинг Рамазон ойида янада сахийликлари ортиб кетарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларига қадар Рамазон ойининг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эдилар. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ул зотдан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳиссалом келган пайтда сахийликлари майин эсган шамолдек бўлиб кетар эди” (Имом Бухорий ривояти).
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни бекаму-кўст Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаяпмиз. Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда Қуръон карим хатмларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилади, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинади.
Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчаларимизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Кириб келаётган Рамазон ойи барчаларингизга муборак бўлсин!
Меҳмонхон ЖАББОРОВ,
Жиззах вилояти бош имом хатиби.