Бир касб борки, унинг масъулияти ва машаққатини ҳар ким ҳам елкалолмайди. Бу касб миллионлаб даромад эмас, миллионлаб инсонларнинг дуосини олиб келади. Ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, халқ саломатлиги йўлида бедор шифокорлардан бири – Гулнора Юлдошева. У қарийб 20 йил давомида вилоят тез тиббий ёрдам марказида самарали хизмат қилмоқда.
Тез тиббий ёрдам шифокорлари ҳаёт билан ўлим орасидаги ҳал қилувчи сонияларда қарор қабул қилади. Бу ерда кеча-кундуз, байрам ёки дам олиш тушунчаси йўқ. Ҳар бир чақирув ортида кимнингдир тақдири туради. Йўлдаги тирбандлик, об-ҳавонинг инжиқлиги, манзилга етиб боргач эса оғир аҳволдаги бемор ва хавотирга тушган яқинлар… Бундай вазиятларда шошилинч ва аниқ қарор қабул қилиш Гулнора опа учун кундалик ҳаёт тарзига айланган.
– Чақирувларда турли вазиятларга дуч келамиз, – дея ҳикоя қилади у. – Айниқса, автоҳалокат содир бўлган жойларда қандай манзара қарши олишини олдиндан билиб бўлмайди. Касбимиз тақозоси билан ҳар қандай ҳолатга тайёр турамиз.
…Тунги навбатчилик чақирувларидан бирида катта юк машинаси йўл четида турган 25 ёшлардаги йигитни уриб кетгани ҳақида хабар келди. Манзилга етиб боришганда, афсуски, йигит аллақачон жон таслим қилган, танаси аянчли ҳолатда эди. Ўша вазиятда нафақат жасадни олиб кетиш, балки яқинидан бир лаҳзада айрилган инсонларга биринчи тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш ҳам зарур бўлган. Бундай пайтларда шифокордан ҳиссиётга берилмаслик, вазминлик ва қатъият талаб этилади.
Ўқитувчилар оиласида таваллуд топган Гулнора опа онасининг “Қизим шифокор бўлади, мен ета олмаган шарафли касбни эгаллаб, элнинг дуосини олади”, деган ниятини рўёбга чиқарди. 1987 йилда Тошкент тиббиёт институтини “даволаш иши” мутахассислиги бўйича тамомлаб, меҳнат фаолиятини бошлади. Илк қадамларини 1987-1988 йилларда Жиззах вилоят шифохонасида интернатура ўташ билан бошлади. Кейинчалик Жиззах шаҳар марказий касалхонаси ҳамда 2-оилавий поликлиникада терапевт сифатида фаолият юритди.
2007 йилдан бошлаб ўз касбий йўлини тез тиббий ёрдам тизими билан боғлади. Йиллар давомида нафақат беморларга шифо улашди, балки билимдон ва тажрибали мутахассис сифатида кўплаб шогирдлар орттирди. Сўнгги икки йилдан буён у Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиали Колл марказида катта врач лавозимида фаолият юритмоқда. Бугун у аҳоли мурожаатларини тезкор ва сифатли қабул қилишда ўзининг кўп йиллик тажрибасини ишга солмоқда.
– Гулнора опа бу ерда фаолият юритаётган юзлаб ёш кадрларнинг йўлбошловчиси, десам муболаға бўлмайди, – дейди марказнинг катта ҳамшираси Жамила Азимова. – Колл марказда жами 80 нафар оператор ва 4 нафар шифокор ишлайди. Ҳар 24 соатлик навбатчиликда бир нафар шифокор 20 нафар ходим билан бирга аҳолидан келган мурожаатларни қабул қилади. Беморларга тиббий маслаҳат беришда опанинг тажрибаси жуда катта. У кишининг хушмуомалалиги беморларнинг дардини енгиллаштиради. Шу боис ҳам барчамиз у кишини ҳам устоз, ҳам меҳрибон инсон сифатида ҳурмат қиламиз.
Гулнора опа нафақат иш жойида, балки оиласида ҳам эъзозда. У севимли рафиқа ва фарзандларининг меҳрибон онаси. Турмуш ўртоғи ҳам таниқли шифокор. РШТЁИМ Жиззах филиали болалар жонлантириш бўлими шифокори Сағдулла Юлдашев билан икки ўғил ва икки қизни юртга муносиб қилиб вояга етказишди.
– Фарзандларим болалик хотираларини эслашса, мен ва отасининг доим беморлар дарди билан банд бўлганимизни айтишади, – дейди у. – Оилавий поликлиникада ишлаган вақтларимда ишдан сўнг фарзандларимни маҳаллаларга олиб бориб, хонадонларга давлат томонидан ажратилган витаминларни тарқатардим. Ишим мен учун мароқли эди. Бу касбнинг захмати ҳам шунда – иш вақти чегараланмаган, уйда ҳам, йўлда ҳам шифо излаб яшаймиз. Турмуш ўртоғим билан бу борада ҳамфикрмиз.
Унинг йиллар давомида эл саломатлиги йўлида қилган хизматлари муносиб тақдирланди. 2024 йилда “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, 2025 йилда эса “Соғлом турмуш” медали билан мукофотланди.
Касбига садоқат ва халқ саломатлигига фидойилик билан яшаб келаётган Гулнора опадек шифокорлар бор экан, жамиятимизда соғлом ҳаёт ва ишонч мустаҳкам бўлиб қолаверади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).