НЕГА КЎЗОЙНАК ТАҚҚАН БОЛАЛАР КЎПАЙДИ?

Эътибор берганмисиз, бугун мактабда ўқиётган болаларнинг аксарияти кўзойнак тақяпти. Бир пайтлар ёши улуғ зиёлилар рамзи саналган кўзойнак энди ўқувчиларнинг юзида ярашиқсиз ниқобдек турибди. Бу бугунги ҳаёт тарзимизнинг оғриқли оқибати. Чунки ҳозирги болалар ёстиққа ёнбошлаб китоб ўқийди, партада букчайиб ўтиради, дафтарини кўзига яқин қилиб дарс тайёрлайди. Ёруғлик масаласига ҳам кўп ҳолларда эътибор бермаймиз. Табиийки, бундай одатлар кўзни қийнайди, мушакларни зўриқтиради ва аста-секин кўзнинг табиий кучини сўндиради. Шифокорларнинг фикрича, кўздаги касалликнинг ривожланиши кичкинтойларнинг кўзи эртароқ ёшида текширилаётганига боғлиқ. Шу ҳақида Жиззах шаҳридаги “Сахоб” хусусий клиникасининг офтолмолог шифокори Алишер Алиев билан суҳбатлашдик:
–Алишер Ботирович, бугунги кунда кўзойнак тақувчи болалар сони ортаётганининг сабаби нимада?
– Тўғри, ҳозирги кунда болалар ўртасида кўзойнак тақувчилар сони кўплаб учрамоқда. Кичкинтойларнинг кўзи эрта ёшда текширилаётгани билан боғлиқ. Шу туфайли уларда кўриш нуқсонлари ўз вақтида аниқланаяпти. Бунинг энг катта сабаби эса болаларнинг компьютер ва телефонлар билан кўп мулоқотда бўлаётганидир. Менинг қабулимга келган болалар нимадан шикоят қилади биласизми? Кўпчилиги шикоят қилмайди ҳам. Ота-онасидан сўрасангиз, қандайдир нотабиий ҳолат сезяпмиз – кўзини сал сиқиб, ёнбош билан телевизорнинг ёнига бориб қарайдиган бўлди ёки партадошидан кўчиряпти, дейишади. Ўқитувчиси «Болангиз досканинг ёнига бориб кўчиряпти», деган гапларни айтади. Орқа ёки ўрта парталарда ҳам ўзлаштириш даражаси паст бўлади. Лекин бола ўзидаги биронта муаммони сезмайди. Одатда бир кўзи хира кўради. Ҳаёт шундай экан деб, тасаввур қилади холос. Яхши кўрмаслиги йиллар ўтган сари боланинг билим савиясининг пасайишига ҳамда бошида оғриқ пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бу келажакда кўзнинг кўриш нерв толалари яхши ривожланмаслиги ҳисобига кўриш анализатори тўлиқ ишламайди. Натижада кўз ялқовлиги ривожланади. Кўзойнак тақса ҳам яхши кўрмайди. Менинг худди шунақа беморим бор. У бола тайинли кўзойнак тақмаган, кўзи ялқов. Бу ҳолатда эрта босқичда буни аниқлаб, тўғри кўзойнак берилса, 50-60, ҳатто 70 фоизгача кўриш қобилиятини тикласа бўлади.
– Кўзойнакнинг юз тузилишига мос бўлиши саломатлик учун қанчалик фойдали?
– Кўзойнак танлашда гардишнинг яхши ўрнашганлигига эътибор бериш керак. Кишиларнинг юз тузилиши турлича бўлганлиги сабабли гоҳо юзга мос келадиган гардишни танлаш қийин. Демак, гардишни, албатта, мутахассис танлаб бериши лозим. Гардиш бурун ва қулоқни оғритмаслиги ва шу билан бирга ойнакларнинг кўзга нисбатан тўғри жойлашувини таъминлаши ҳамда кўз қорачиғи орасидаги масофага мос келиши керак. Ҳимоя кўзойнаклари қулай ва енгил бўлиши лозим. Кўзни жуда ўткир нурдан ҳимоя қилиш учун қўнғир, кўк, сарғимтир, кулранг ёки яшил кулранг ойнакли кўзойнаклар қўлланилади. Заҳарли буғ ва газлар бор жойда ишлайдиганлар учун ярим ниқобли ёки противогазли кўзойнаклар ишлатилади. Ҳимоя кўзойнагини, албатта, мутахассис шифокор иштирокида танлаш керак. Бундай кўзойнакни ишдан кейин тоза латта билан артиб қутичага ёки махсус ниқобга солиб қўйган маъқул.
– Хўш, ёшларни бу замонавий технологиялардан маҳрум қилмасдан туриб, уларнинг кўзини қандай асрай олишимиз мумкин?
– Биласизми, тан олиш керак каттаю кичик соғлом турмуш тарзидан узоқлашиб кетяпти. Ёшлар кўчада тўп тепишдан кўра, виртуал ўйинларда “югуриш”ни афзал биляпти. Китоб варақлашдан кўра, ижтимоий тармоқларда соатлаб “сайр қилиш”ни яхши кўряпти. Оқибатда нафақат кўз, балки бутун тананинг қуввати ўляпти. Бу каби зарарли одатларга барҳам бериш учун аввало, болада дарс қилиш маданиятини шакллантириш зарур. Уларга албатта, китобни тўғри масофада ушлаш, партада тўғри ўтиришни ўргатиш керак. Ҳар бир дарсдан сўнг 5-10 дақиқалик кўз машқларини бажариш жуда фойдали. Телефон ва компьютерлардан фойдаланиш вақтини кескин камайтириш шарт. “20-20-20” қоидасини жорий қилиш мумкин. Яъни, ҳар 20 дақиқада 20 сония давомида 20 метр узоққа қараш. Бу оддий машқ кўз мушакларини дам олдиради.
Яна бир ечим, фаол ҳаёт тарзини қайта тиклаш лозим. Ёшлар камида бир соат вақтини очиқ ҳавода ўтказиши, спорт билан шуғулланиши керак. Сабзавот, кўкат, балиқ, ёнғоқ каби кўзга фойдали маҳсулотларни истеъмол қилишни одат қилиш зарур. Мактабларда кўз саломатлигини текширувчи тадбирлар ўтказиш, ота-оналар эса фарзандларининг дарс қилиш одатларини кузатиши мақсадга мувофиқ.
Энг оддий ечим эса технологиядан фойдалансак-да, унга қул бўлиб қолмасаккина фарзандларимизга ёруғ нигоҳ, тиниқ қараш ва соғлом ҳаёт туҳфа эта оламиз.
–Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *