Янгиобод туманининг Хўжамушкент ҚФЙда янги қиёфа ва замонавий шарт-шароитларга эга 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев сўзга чиқиб, энг олис қишлоқлардаги келажак эгалари учун яратилаётган имкониятлар, янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталди.

Вилоят ҳамда туман прокуратурасининг ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ДМТТда болажонларнинг етарли таълим-тарбия олиши учун замонавий шароитлар яратилган бўлиб, кенг ва ёруғ машғулот хоналари, ошхона, мусиқа зали ва ўйин майдончалари кичкинтойларнинг порлоқ истиқболи учун хизмат қилади. 80 ўринга мўлжалланган замонавий ДМТТ биносининг қурилиш ишлари учун ҳомийлик маблағидан 1,5 млрд сўм сарфланиб, 20 та янги иш ўрни яратилди.

– Туманимизда 2630 нафар мактабгача ёшдаги болалар бўлиб, шу кунгача уларнинг 2411 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган, –деди янги ДМТТ директори Шаҳло Гулмуродова. –Айни пайтда туман Мактабгача таълим бўлими тасарруфида 10 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 13 та нодавлат ҳамда 3 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини олиб бормоқда. Хўжамушкент ҚФЙдаги мазкур таълим ташкилотининг очилиши болажонларга, маҳалла аҳлига мустақиллик байрамининг 34 йиллик байрамига учун ажойиб туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шу муносабат билан барча ташаббускор ташкилотчиларга бутун қишлоқ аҳолиси номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шунингдек, тадбирда вилоят прокурори Бахтиёр Иброхимов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Норқул Нушаров, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Санобар Суярова, туман раҳбарлари, соҳа ходимлари ва нуронийлар иштирок этишди. Тадбир якунида меҳмонлар янги ДМТТ да яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).