ФУҚАРО МУҲОФАЗАСИ ЙЎЛИДА ДОИМО ШАЙ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 4 мартдаги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил қилинган эди. Бугун вазирлик ташкил топганига 30 йил тўлди.

Ҳаётимизда кутилмаганда содир бўладиган турли вазиятлар, фалокатларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги қутқарув тузилмалари вакиллари биринчи бўлиб кўмакка шошилади. Уларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ҳар хил кўнгилсизликларнинг олди олинади, оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилади.

Мамлакатимизда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш борасида вазирлик тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган қутқарув хизмати ходимлари бугунги кунда ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам тезкор фаолият олиб бориш имкониятига эга. Бу борада Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан амалга оширилаётган тизимли ишларни алоҳида қайд этиш жоиз.

Бошқарма томонидан аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, хусусан, ис гази, ёнғинлар, табиий ва техноген тусдаги офатларнинг олдини олиш ҳамда сув иншоотларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тушунтириш ишлари, ўқув-семинар ва амалий машғулотлар мунтазам ташкил этиб келинади.

Бошқарманинг ахборот хизмати раҳбари, капитан Ифтихор Умаровнинг маълумот беришича, аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш ҳамда ҳудудларда хавфсизлик масалаларига эътиборни кучайтириш мақсадида ўтган йил давомида давлат тасарруфидаги ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларида ўн икки мингдан зиёд ўрганиш ва профилактик тадбирлар амалга оширилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини ёнғин-профилактик кўриклари ташкил этган. Ёнғин келтириб чиқариш хавфи остида бўлган асбоб-ускуналардан нотўғри фойдаланишга оид 4385 та ҳолат аниқланиб, бу бўйича тегишли баённомалар расмийлаштирилган.

 Тадбирлар давомида фуқароларга шунингдек, ис газидан заҳарланиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ҳайвонлар орқали юқиши мумкин бўлган турли юқумли касалликлардан ҳимояланиш, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига салбий таъсири каби масалалар юзасидан икки мингдан ортиқ тушунтириш ва амалий кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, аҳолига маиший газ ва электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, уй-жойларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, сув ҳавзаларида эҳтиёт чораларини кўриш, табиий офатлар содир бўлган ҳолларда тўғри ҳаракат қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари ҳам ўргатилди. Табиий тусдаги фавқулодда вазиятлар, хусусан сув тошқини юз берганда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қутқарув ва тез ёрдам хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда эвакуация ишларини самарали ташкил этиш кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йили икки марта, Бахмал ва Фориш туманларида қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилди.

Кўрилган зарур чоралар натижасида ёнғинлар ҳамда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада камайган, тезкор қутқарув ишларида кўплаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинган. Қатор ўқув машғулотлар ҳамда тайёргарлик-синов йиғинлари орқали бошқарма ва ундаги қуйи бўғин ходимлари фавқулодда вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўриш ва бундай вазиятларда ҳаракатланишга оид билим ва малакаларини мустаҳкамлаб боришмоқда.

Фавқулодда вазиятлар тизими вакиллари инсонлар ҳаётини асрашни ўзининг муқаддас бурчи деб билган фидойи инсонлардир. Улар кечаю кундуз, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам халқимиз хавфсизлиги йўлида хизматга шай. Тизимда фаолият олиб бораётган барча ходимларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати юртимиз тинчлиги ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда ҳамиша муҳим аҳамият касб этади.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *