КЎКЛАМ ТАФТИДАН БАРҚ УРИБ…

Пахтакор туманида қишлоқ хўжалиги азалдан энг даромадли ва етакчи соҳалардан ҳисобланади. Сувга доимий тўйинган унумдор ерлар, кенг ва файзли далалардан маҳаллий деҳқонлар юқори ҳосил олиш сирларини яхши билишади. Айниқса, бу ерларда ғаллачиликка меҳр ўзгача. Нон қадрини улуғ билган эл учун бир қарич ер ҳам барака манбаи саналади. Шу боис ғалла парваришига жиддий эътибор қаратилиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилади. Буни ўтган йили туман фермерларининг давлатга дон топшириш шартнома режасини вилоятимизда биринчилардан бўлиб бажаришганидан ҳам билиб олиш қийин эмас.  

—Жорий йилги ғалла ҳосили учун 227 та фермер хўжаликлари томонидан 11700 гектар майдонга бошоқли дон экилиб, жорий мавсумда мўл ва сифатли ҳосил олиш учун барча агротехник тадбирлар аниқ режа ва пухта тайёргарлик асосида амалга оширилмоқда, — дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Марат Кўбаев. Ҳар бир фермер хўжалиги билан алоҳида иш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан доимий мониторинг йўлга қўйилган. Ҳозирги пайтда ғалла майдонларидаги ишларни бир кун бўлса-да ортга суриш ярамайди.

Пахтакор далаларини кезарканмиз, эрта кўкламнинг ёқимли, баданга ҳузур бағишловчи майин шабадаси юзга урилади. Осмонда чарақлаб турган сахий қуёш нурлари ўз меҳрини аямайди. Танаси эрта тонг шудрингларидан тўйинган ёш ғалла майсалари баҳорнинг илиқ тафтидан куч олиб, кўкка қараб дадил интилади…

Эътиборимизни “Мастер Агро текс фермер хўжалиги” ерларида олиб борилаётган қизғин иш жараёнлари ўзига тортди. Ғалла майдонидан ишчиларга алланималарни куйиб-пишиб тушунтираётган кишига кўзимиз тушди. Хўжалик раҳбари Олим Йўлдошев жамоаси билан кунлик ишларни муҳокама қилаётган экан. Уни суҳбатга тортдик.  

— Куз ойларининг илиқ келгани ғалланинг униб чиқиши ва дастлабки ривожи учун қулай шароит яратди, — дейди фермер. —Экинларни азотли ўғит билан иккинчи марта озиқлантириш ишларини якунладик. Қишдан суст чиққан айрим ерлар аниқланиб, ўғит миқдори босқичма-босқич оширилди. Ҳосил унумдорлигини ошириш учун ғалла майдонларининг сув кириш “қулоқлари”га “шарбат” ўралар қазилиб, маҳаллий ўғит билан озиқлантиришга эришдик. Илмий жиҳатдан қаралса, гўнг чиқарадиган углерод ҳосил самарадорлигини оширишда муҳим элемент ҳисобланади.

Айни пайтда фермер хўжалиги далаларида баҳорги суғориш ишлари бошланди. Олимжон бу сафар ҳам “васса” навини танлаган. Бу навнинг ҳосилдорлиги юқори, маҳаллий иқлим шароитига яхши мослашганлиги билан ажралиб туради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур навни ўз вақтида озиқлантириб, тўғри агротехник парвариш ишлари олиб борилса, мўл ва сифатли ҳосил олиш мумкин.

Дала — меҳнат, сабр ва умидни синовдан ўтказадиган макон. Бугун кўклам шамолларига кўксини тутган майсалар вақти келиб инсон заҳмати ортидан дастурхонларимизни безайдиган муқаддас нонга айланади. Бу эса чидам ва машаққатли меҳнатни талаб этади.

 Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *