ҚЎШМА ЛОЙИҲА САМАРАСИ

Вилоятимизда саноат корхоналари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик яна бир амалий натижа берди.

Хусусан, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Жиззах вилоят бўлими ва “ADM JIZZAKH” автомобиль заводи ҳамкорлигида йўлга қўйилган қўшма лойиҳа муваффақиятли тарзда ўз фаолиятини бошлади.

Лойиҳа доирасида дастлабки ўқув-амалий машғулотларга жамиятнинг 7 нафар аъзоси жалб этилди. Ҳозирги кунда улар автомобиль саноатида кенг қўлланиладиган 6 турдаги эҳтиёт қисмларни йиғиш жараёнларини пухта ўзлаштирмоқда. Машғулотлар ишлаб чиқариш корхонаси негизида, замонавий ускуналардан фойдаланган ҳолда ташкил этилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа иштирокчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, амалий тажриба орттириш ҳамда келгусида уларни доимий иш ўринлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, маҳаллий кадрлар салоҳиятини ривожлантириш орқали ҳудуд саноати рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида “ADМ JIZZAKH” автомобиль заводи раҳбарияти ва мутахассислари томонидан иштирокчиларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда. Таълим жараёнида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиниб, ишлаб чиқариш маданиятига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Умуман олганда, ушбу ҳамкорлик лойиҳаси Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш соҳасида кадрлар тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир  муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

З. ЗОИРОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *