Фориш тумани ҳокимлиги ва Жиззах давлат педагогика университети ўртасида таълим, илмий-тадқиқот ва инновацион соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад Фориш туманидаги мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун малакали педагог кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг педагогик амалиётини туман таълим муассасаларида самарали ташкил этиш, ҳудуддаги педагогларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўтказишдан иборат. Шунингдек, илмий-амалий конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатларини ташкил этиш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий лойиҳалар ва маънавий-маърифий тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш кўзда тутилган.
Фориш тумани ҳокими Соҳиб Исламов ва Жиззах давлат педагогика университети ректори Мақсуджан Юлдашев таъкидлаганидек, ушбу ҳамкорлик таълим ва илмий соҳада янги имкониятларни кенгайтириш, педагог кадрларнинг малака ва салоҳиятини ошириш ҳамда ҳудудни ижтимоий ва маънавий ривожланишини рағбатлантиришда муҳим рол ўйнайди.
Шундан сўнг Фориш тумани ҳокими ҳамда университетда таҳсил олаётган форишлик талаба-ёшлар иштирокида очиқ мулоқот шаклидаги учрашув ташкил этилди. Мазкур тадбир ҳудудий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишга қаратилди.
Рашид КАРИМОВ.