ТАРИХНИ ЎРГАТГАН УСТОЗ

Устознинг қадри унинг шогирдлари ютуғида намоён бўлади. Айниқса, тарих фани ўқитувчисининг зиммасидаги масъулият янада катта. Зеро, у ёш авлодга нафақат ўтмиш ҳақида билим беради, балки миллий хотира, Ватанга муҳаббат, аждодларга ҳурмат туйғуларини ҳам сингдиради. Зарбдор туманидаги 1-мактаб тарих фани ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Нуриддин Босимов ана шундай фидойи устозлардан.

Нуриддин Босимов 1964 йилда Зомин туманидаги Пешағор қишлоғида туғилган. Умрининг салмоқли қисмини ёшларга таълим-тарбия беришга бағишлаётган устоз илк меҳнат фаолиятини шу тумандаги таълим масканида бошлаган. Мана 21 йилдирки Зарбдор туманидаги 1-умумтаълим мактабида тарих фанидан сабоқ бериб келаяпти. Албатта шу йиллар ортида қанча меҳнат, изланиш, сабр-тоқат ва устозлик масъулияти борлигини биргина рақам билан ифодалаш қийин. Аммо Нуриддин устознинг касбига бўлган садоқатини унинг сўзларидан илғаш қийин эмас.
– Тарих фани — оддий дарсликдаги саналар ва воқеалар мажмуи эмас, –дейди устоз Нуриддин Босимов.–Тарихни ўрганган инсон кечаги кунни англайди, бугунни қадрлайди ва эртанги кун ҳақида мушоҳада юритади. Мен дарсларимда ўқувчиларимга тарихий воқеаларни шунчаки баён этиш билан чекланмай, уларни фикрлашга, воқеалар моҳиятини англашга ундайман. Шунда ўқувчи изланади, китоб очишга мажбур бўлади, мулоҳаза қилади. Ва қарабсизки устозга меҳр қўяди, фанга бўлган иштиёқи ортади.

Дарҳақиқат, устознинг дарсида ҳар бир ўқувчининг ўз ўрни бор. Кимдир шунчаки тарихга қизиқади, яна кимдир унинг сабоқларини ҳаётида қўллайди. Муҳими, ўқувчи қалбида билимга интилиш ва ўз ўтмишига ҳурмат уйғотиш. Айтиш жоизки Нуриддин Босимов ўз хонадонида ташкил этган шахсий кутубхонасида 2000 дан зиёд бадиий, сиёсий ва тарихий адабиётлар ўрин олган.  Кўп йиллик педагогик тажрибаси эса ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Шу туфайли мана бир неча йиллардан бери ўнлаб шогирдлари фан олимпиадаларида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Айниқса туман мактабларидаги тарих фани педагоглари ҳамкорликда ташкил этилган “Семурғ” олимпиадаси бу ютуқларга пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Устознинг самарали меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилиб, 2025 йилда “Халқ таълими  аълочиси” унвонига муносиб кўрилган бўлса, Мустақиллигимиз шодиёналарининг 35 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Юксак  мукофот, аввало, ўз касбига садоқат билан хизмат қилган инсоннинг меҳнати қадрланганидан далолат беради.

–Мактабимизда 1319 нафар ўқувчига 101 нафар педагоглар таълим-тарбия беради,–деди мактаб директори Нилуфар Қаршиева.– Аммо ҳамма педагог ҳам чинакам фидойилик кўрсатолмайди. Фақат касбига садоқатли устозларнинг номи ва берган сабоқлари шогирдлари хотирасида узоқ яшайди. Бу борада Нуриддин Босимов таълим бераётган ўқувчилар барчага намуна десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда устознинг шогирдлари катта даргоҳларда талаба, турли соҳаларда жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти. Улар қалбида устоздан олган билим ва тарбиянинг излари яққол кўриниб туради. Меҳнатдан, ривожланишдан, ўз устида ишлашдан чарчамайди. 21 йилдан буён бир мактаб ҳаёти билан уйғунлашган умр йўли бор устознинг. Бу йиллар давомида синф хоналарида қанча дарслар ўтилди, қанча авлодга тарих сабоқлари берилди, қанча ёш қалбда Ватанга муҳаббат туйғуси уйғонди. Бундай фидойилик эса ҳар қандай эътироф ва таҳсинга муносиб.

Нуриддин устознинг ҳаётида оиланинг ўрни алоҳида. У киши учун оила нафақат ором ва меҳр маскани, балки инсонни эзгу мақсадлар сари руҳлантириб турадиган муқаддас даргоҳдир. Касб масъулиятини зиммасига олган инсон сифатида у киши оиласига ҳамиша эътиборли.  Умр йўлдоши Мақсуда ая билан 3 нафар фарзандларига меҳрибон ва ғамхўр ота-она. Устознинг фикрича, фарзанд тарбиясида қуруқ насиҳатдан кўра, аввало, шахсий намуна муҳим. Шу боис фарзандларига ҳалол меҳнат қилиш, катталарни ҳурматлаш, илм олиш ва ўз касбига садоқатли бўлиш каби фазилатларни сингдиришга ҳаракат қилади.

– Фарзандларимнинг камолини кўриш мен учун энг катта бахт. Уларнинг ҳар бир ютуғи, яхши иши ва эзгу ниятидан қувонаман. Ота учун фарзандининг одобли, билимли ва элга наф келтирадиган инсон бўлиб улғайишидан ортиқ қувонч бўлмаса керак, — дейди Нуриддин устоз самимийлик билан.

Унинг кундалик ҳаётида мактаб ва оила бир-бирини тўлдириб туради. Мактабда шогирдларига тарих сабоқларини берса, хонадонда фарзандларига ҳаёт сабоқларини улашади. Шу маънода Нуриддин Босимовнинг устозлик фаолиятидаги энг катта таянчларидан бири — унинг аҳил ва меҳрибон оиласидир.
Фарзандларининг келажаги, уларнинг таълими ва тарбияси ҳақида қайғуришни у киши ўзининг энг муҳим вазифаларидан бири деб билади. Сабаби, яхши ота бўлиш ҳам устозлик каби катта масъулият ва сабрни талаб этади. Устознинг оиласидаги меҳр-оқибат, фарзандларга бўлган эътибор ва ўзаро ҳурмат унинг инсон сифатидаги фазилатларини янада намоён этади.

Нуриддин устознинг ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, ҳақиқий устоз мактабда эмас, аввало, ўз хонадонида ҳам тарбия намунасини кўрсата олишига амин бўламиз. Зеро, фарзандлар — ота-онанинг энг катта мероси, уларнинг камоли эса ҳар қандай мукофотдан устун бахтдир. Нуриддин Босимов сингари устозлар бор экан, тарих сабоқлари авлоддан авлодга ўтиб, миллий хотирамиз бардавом бўлиб бораверади.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *