УЧРАШУВЛАР САМАРАЛИ БЎЛМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларга амалий сафарлари давомида аҳоли ва маҳалла фаоллари билан учрашувларида кўплаб долзарб масалалар ечимини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, OʻzLiDeP фракцияси аъзоси Рисқул Сиддиқовнинг Бахмал ва Ғаллаорол туманларида сайловчилар билан учрашувлари ўтказилди.        

Бахмал туманидаги 88-мактаб мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда жорий йилнинг 24 февраль куни бўлиб ўтган Президентимизнинг ёшлар билан учрашувида белгиланган вазифалар бўйича тушунчалар бериб ўтилди. Шунингдек, учрашув якунида Юксалиш мактаби фаолияти билан ҳам танишилди. Ушбу мактабда бугунги кунда 90 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга барча шароитлар яратиб берилган.

Депутат “Маҳалламдаги муаммоларга ечим – менинг ташаббусим” ва “Депутат маҳаллада” лойиҳалари доирасида Бахмал туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги вакиллари ва тадбиркорлар билан мулоқот олиб борди. Р.Сиддиқов шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Фахриддин Эшалиев хонадонида бўлиб, у ерда Сайхунобод тажрибаси асосида ташкил этилган узумчилик, боғдорчилик, паррандачилик, асаларичилик фаолияти билан танишди.

Шунингдек, у “Узунбулоқ” МФЙда яшовчи фуқаролар билан ўтказган мулоқоти давомида ушбу ҳудудда ташкил этилган узумзорларни,  полиз экинларини томчилатиб суғориш ишлари билан яқиндан танишди.

Депутатнинг кейинги манзили “Маданият” МФЙ бўлди. Тадбиркорлар, маҳалла еттилиги вакиллари ва маҳалла фаоллари билан мулоқотдан сўнг ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Жўрамурод Хожиев хонадонида бўлиб, ташкил этилган иссиқхонани кўздан кечирди. Бугунги кунда мазкур иссиқхонада мандарин, лимон ва апельсин каби цитрус мевалар етиштирилиб, маҳаллий бозорларда сотилмоқда. Тадбиркорлар томонидан субсидия асосида кредит ажратиш, уни нақд пул ва пластик картага тушириб бериш бўйича таклифлар берилди.

Туманнинг “Оқтош” МФЙда маҳалла еттилиги вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан тасдиқланган 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури мазмун-моҳияти тарғиб этилди. Шу билан бирга фуқароларда “Солиқ тўлаш – бурчим” ғоясини шакллантириш мақсадида “Солиқлар – маҳалла тараққиёти гарови” тамойили асосида солиқ маданиятини янада яхшилаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Рисқул Сиддиқов Ғаллаорол туманидаги Ёшлар марказидаги шарт-шароитлар билан ҳам танишди. Ёшлар маркази фаолияти, ёшлар учун ташкил этилган тўгараклар, замонавий жиҳозлар ҳамда олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳолати ўрганилди. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тавсиялар берилди.

Шунингдек, Ғаллаорол туманидаги “Agro In Vitro” агрокорхонаси  ишчи ходимлари билан мулоқот ўтказилди. Корхонада қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланилаётган замонавий инновацион ёндашувлар, илғор агротехнологиялар ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Шу куни депутат “Сарбозор” МФЙда яшовчи фаол тадбиркор Диёр Маматқулов хонадонида йўлга қўйилган беданачилик фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур хонадонда тухумдан тайёр гўшт маҳсулотигача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, ҳар ойда 1 тоннагача маҳсулот етиштирилмоқда ва ўртача 18-20 млн. сўм соф даромад олинмоқда. Шунингдек, доимий бандлик билан бир қаторда 2 нафар фуқаро мавсумий иш билан таъминланган.

Депутат Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида бўлиб ўтган мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, ҳудудларда фермер ва деҳқонлар, томорқа эгалари, экспортчи, иссиқхоначи ва мева-сабзавот етиштирувчилар билан мулоқотлар ўтказиб, улардаги мавжуд муаммоларни ўрганди.

“Маҳалламдаги муаммоларга ечим – менинг ташаббусим” ва “Депутат маҳаллада” лойиҳалари доирасида  “Тозауруғ” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги вакиллари билан мулоқот олиб борилди. Ушбу МФЙ томонидан амалга оширилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда бандликни таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Маҳалла еттилиги томонидан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги алоҳида эътироф этилиб, жойларда аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ ва ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Ғаллаорол туманида яшовчи фуқаро Г.Бобоеванинг туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириш бўйича ёзган мурожаати туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, унинг бандлиги таъминланди.

“Маданият” ҚФЙ Тутли қишлоғидаги Сангзорбўйи, Ҳ.Олимжон, Шодмонлик, Инсонийлик ва Янгиобод кўчаларидаги 1990-1991 йилларда ўрнатилган симёғочлар ва сим кабелларни янгисига алмаштириш бўйича келиб тушган мурожаат туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

В.ҒАЙБУЛЛАЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *