Бугунги кунда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва аҳолининг давлат институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш бевосита коррупцияга қарши тизимли кураш ҳамда очиқликни таъминлаш билан боғлиқ.
Шу боис, давлат органлари фаолиятида шаффофликни қарор топтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш замонавий ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Шу мақсадда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида “Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ходимларнинг масъулиятини ошириш” мавзусида йиғилиш ўтказилди. Уни бошқарма бошлиғи ўринбосари Акбар Раҳматуллаев олиб борди.
Тадбирда бошқарманинг комплаенс назорат бўйича бош мутахассиси Наталья Янкова сўзга чиқиб, коррупциянинг давлат ва жамият ривожига салбий таъсири, унинг иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка таҳдиди ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ходимларнинг коррупцияга қарши қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги ва бундай ҳолатлар аниқланганда тегишли органларга белгиланган тартибда мурожаат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ва “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунларида белгиланган талаблар асосида ходимларнинг бошқа ташкилотларда ўриндошлик асосида ишламаслиги, тижорат ташкилотларига таъсисчилик қилмаслиги ҳамда ўзи фаолият олиб бораётган ташкилотнинг назоратидаги тадбиркорлик субъектларида улуш ёки акцияларга эгалик қилмаслиги ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.