Бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлаш — фуқаролар ишончини мустаҳкамлашнинг асосий шартидир. Шу нуқтаи назардан, Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармасида ҳам коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил амалга ошириб келинмоқда.
Маълумки, мажбурий ижро органлари фаолияти аҳолининг кундалик ҳаёти, мол-мулкий манфаатлари билан бевосита боғлиқ. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларининг ижросини таъминлаш жараёнида қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, ҳар қандай коррупцион кўринишларга нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилган.
Бошқармада ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Жумладан, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалаларига бағишланган ўқув-семинарлар ташкил этилди.Ушбу тадбирларда ходимларга амалдаги қонунчилик нормалари, жумладан коррупцияга оид жавобгарлик чоралари атрофлича тушунтирилмоқда.
Шунингдек, ички назорат механизмлари кучайтирилган. Ижро иш юритувлари электрон тизимлар орқали юритилиб, инсон омилини камайтиришга эътибор қаратилмоқда. Бу эса шаффофликни таъминлаш, ортиқча мулоқотлар ва турли ноқонуний келишувларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бошқармада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳам такомиллаштирилган. Ўтган йили 12 мингдан ортиқ ариза ва шикоятлар ўз вақтида кўриб чиқилиб, ҳар бир ҳолат юзасидан қонуний чоралар кўрилган. Бу эса очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Коррупциянинг олдини олишда фақат жазо чоралари эмас, балки профилактика муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ходимлар ўртасида ҳалоллик, поклик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказиб борилмоқда. “Коррупция — тараққиёт кушандаси” ғояси асосида тарғибот ишлари олиб борилиб, ҳар бир ходимда шахсий масъулият ҳисси кучайтирилмоқда.
Албатта, коррупцияга қарши кураш бу — бир марталик тадбир эмас, балки узлуксиз жараёндир. Бошқарма томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тизим фаолиятида қонунийлик, адолат ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш — нафақат давлат органларининг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Қонун устуворлиги таъминланган жойда адолат қарор топади, адолат қарор топган жамиятда эса тараққиёт барқарор бўлади.
Рустам УМАРОВ,
Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси
Шахсий хавфсизлик шуъбаси катта инспектори.