Жиззах шаҳридаги “Наврўзбулоқ” пойгагоҳида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Жиззах вилоят кенгаши томонидан автокросс спорт тури бўйича Ўзбекистон кубогининг иккинчи босқич мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 60 нафар спортчи ғолиблик учун баҳсларда иштирок этди. Белгиланган низомга мувофиқ, спортчилар “А7”, “А8”, “NU” ва “Baggi” синфларига кирувчи спорт автомобилларида ўз маҳоратларини намойиш қилдилар.
— Юртимизда автокросс спорт тури йил сайин оммалашиб бормоқда, —дейди жиззахлик спортчи Фурқат Аҳрорқулов. — Вилоятимизда бугунги кунда 25 нафар спортчи ушбу тур билан шуғулланади. Машғулотлар учун махсус пойгагоҳимиз мавжуд. Спортчилар тинимсиз машғулотлар ўтказиб ўз маҳоратларини ошириб борса, нафақат мамлакат миқёсидаги, балки халқаро мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришамиз.
Икки кун давом этган қизғин ва муросасиз беллашувлар якунига кўра, вилоятимиз жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Хусусан, жиззахлик спортчилардан Ғайрат Одилов (“Baggi” синфи), Николай Саев (“А-8” синфи) ва Самандар Ҳусанов (“NU” синфи) мусобақа давомида барча рақибларидан илдамроқ ҳаракат қилиб, марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтишди. “А-7” синфи бўйича эса ғолиблик самарқандлик спортчи Аслиддин Сиддиқовга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок ва дипломлар билан тақдирланишди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.