БУ САФАР АЛБАТТА, ОЛИМПИАДА ЧЕМПИОНИ БЎЛАМАН

Катта спортда ҳар бир ғалаба узоқ ва машаққатли йўлнинг маҳсули. Айниқса, халқаро майдонларда Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиш спортчидан нафақат юқори маҳорат, балки сабр-тоқат, қатъият ва ҳар бир мағлубиятдан тўғри хулоса чиқара олиш кўникмасини ҳам талаб этади. Жиззахлик таэквондочи Озода Собиржонова ана шундай фазилатлари билан катта спортда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Осиё ва жаҳон миқёсидаги нуфузли турнирларни бирин-кетин забт этаётган Зомин қизи бугун «Лос-Анжелес–2028» Олимпиадасида чемпион бўлишни мақсад қилган.

Озоданинг катта спортдаги йўли 2010 йилдан бошланган. Зомин туманининг Ём қишлоғида туғилган спортчи дастлаб мураббий Музаффар Хамроқуловдан таэквондо сир-асрорларини ўрганиб, кейинчалик Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида маҳоратини тоблади. Туман ва вилоят мусобақаларидаги ғолибликлардан сўнг унинг иқтидори тезда намоён бўлди. 2017 йилда ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиққач, орадан бир йил ўтиб, халқаро мусобақада ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Иқтидорли спортчининг шаклланишида мураббийлари Худоёр Аҳмаджонов, Дадахон Ғаффоров, Жасур Бойқўзиевларнинг меҳнатини алоҳида таъкидлаш зарур. Устозларининг қимматли кўрсатмаларини пухта эгаллаган Озода йил сайин ўз имкониятларини янада кенгроқ майдонда намоён эта бошлади. 2018 йили Тунисда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлган таэквондочи орадан бир йил ўтиб, Осиё чемпионатида ҳам совриндорлар сафидан жой олди. Бу натижалар унинг халқаро майдондаги илк жиддий қадамлари эди. 2021 йилда эса Ливандаги «Beirut Open» турнирида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, энди шунчаки медаль учун эмас, балки чемпионлик учун курашишга тайёр эканини исботлади.

Шундан кейин Озоданинг натижалари янада салмоқли тус олди. Ўтган йили Жиззахда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида барча рақибларини ортда қолдириб, мамлакат чемпионига айланган қаҳрамонимиз бу йил ҳам юртимиз спорт мухлисларига хурсандчилик улашмоқда.  У март ойида Туркиянинг Анталия шаҳри мезбонлик қилган жаҳон очиқ чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

 Айниқса, Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда ўтказилган Осиё чемпионатидаги зафар унинг бугунги спорт фаолиятидаги энг муҳим натижалардан бири бўлди, десак янгилишмаймиз. Бу ғалаба Озодага «Лос-Анжелес–2028» Олимпиадаси учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этди. Қайд этиш керак, Озода учун Олимпиада муҳити бегона эмас. 2024 йили Парижда ўтказилган тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманида омад ушбу спортчимиздан бироз юз ўгиргани ёдингизда бўлса керак. У ўшанда 67 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашиб, бешинчи ўрин билан чекланган эди. Бироқ бу иштирок ҳамюртимиз учун катта тажриба мактаби бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Энди у навбатдаги Олимпиадага аввалгидан кўра тажрибали, руҳан тобланган ва катта мусобақалар масъулиятини ҳис қилган спортчи сифатида тайёргарлик кўради.

Айни пайтда О.Собиржонова терма жамоа таркибида бош мураббий Павел Хан қўл остида Японияда бир неча кундан сўнг бошланадиган Осиё ўйинларига ҳозирлик кўряпти. Мазкур нуфузли мусобақада қўлга киритиладиган юқори натижа келгуси Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун навбатдаги муҳим рейтинг очколарини тақдим этади.

—Менинг энг катта мақсадим — Олимпиада чемпиони бўлиш, – дейди қаҳрамонимиз. — Бунинг учун ҳали олдинда жуда кўп меҳнат ва машаққат талаб этувчи йўл борлигини яхши биламан. Ҳар бир машғулотда ўзимни янада кучлироқ спортчи сифатида тарбиялашга ҳаракат қилаяпман. Ишончим комил, астойдил меҳнат ва тўғри тайёргарлик билан бу сафар энг катта орзуимни рўёбга чиқараман.

Дарҳақиқат, Собиржонованинг сўнгги йилларда халқаро майдонда қўлга киритган салмоқли ғалабалари унинг Олимп чўққиси учун муносиб даъвогар эканини кўрсатиб турибди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *