DEEPFAKE – АХБОРОТ МАЙДОНИДА ЯНГИ ХАВФ

Ахборот яшин тезлигида тарқаладиган бугунги даврда инсонларни тўғри фикрдан чалғитувчи омиллардан бири фейк хабарлардир. Ижтимоий тармоқлар орқали келаётган бу каби маълумотлар бир қарашда оддий бўлиб туюлади, аммо кимларгадир нисбатан ноҳақликларга сабаб бўлади.

Баъзида ёлғон хабарлар кимларнингдир манфаати йўлида тарқатилиши ҳам учраб туради. Ачинарли томони кўпчилик эшитган маълумотини таҳлил қилиб кўришга, унинг манбасини текширишга вақт ажратмайди. Натижада ҳақиқат аниқланмасдан туриб, хабарга ишониш ва уни бошқаларга тарқатиш ҳолатлари кузатилади.

Бундай муносабат эса жамиятда ишончсизлик, адолатсизлик ва турли низоларга сабаб бўлади. Аслида ҳар қандай ахборот далил ва текширувдан ўтиши керак. Бу борада ҳар ким ўзига савол бериши лозим: “Мен ҳақиқатни излаяпманми ёки кўрганимга кўр-кўрона ишоняпманми?” Чунки онгли инсон ўз тафаккури ва таҳлили асосида қарор қабул қилади. У шошқалоқлик билан хулоса чиқармайди, адолат ва ҳақиқатни устун қўяди.

Эсингизда бўлса пандемия даврида айрим ижтимоий тармоқларда COVID-19 касаллиги 5G алоқа тармоқлари орқали тарқалади, деган асоссиз даъволар кенг тарқалган эди. Бу хабар қисқа вақт ичида миллионлаб одамлар орасида муҳокама қилинди, баъзи давлатларда ҳатто 5G антенналарига ҳужумлар ҳам бўлган. Кейинчалик мутахассислар бу даъволар мутлақо асоссиз эканини, вирус алоқа тўлқинлари орқали тарқалмаслигини илмий далиллар билан тушунтириб берди. Аммо шунга қарамай, кўпчилик ушбу хабарни текширмасдан ишониб, уни янада кенг тарқатгани жамиятда ахборот саводхонлиги масаласи қанчалик муҳим эканини кўрсатди.

Медиа олами шу қадар тезлашиб кетдики, жуда кўпчиликни аллақачон чалғитиб улгурган, ёлғонларига чиппа чин ишонтирган яна бир ҳолат сунъий интеллект орқали яратилган сохта видеолардир. Масалан, ижтимоий тармоқларда Голливуд актёри Том Круз иштирок этгандек кўринган бир қатор видеолар кенг тарқалди. Уларда гўё актёр турли кулгили ҳаракатлар қилаётгандек ёки оддий одамлар билан мулоқот қилаётгандек тасвирланган. Аслида эса бу видеолар сунъий интеллект технологияси — deepfake орқали тайёрланган бўлиб, актёрнинг юзи ва овози рақамли тарзда бошқа инсон видеосига жойлаштирилган эди.

Шунингдек, интернетда яна бир машҳур актёр Киану Ривз иштирок этгандек кўринган сохта реклама видеолари ҳам тарқалган. Уларда актёр гўё турли маҳсулотлар ёки лойиҳаларни тарғиб қилаётгандек кўрсатилган. Кейинчалик бу материаллар ҳам сунъий интеллект ёрдамида яратилгани маълум бўлган.

Бундай мисоллар шуни кўрсатадики, замонавий технологиялар орқали ҳатто машҳур инсонларнинг қиёфаси ва овозини ҳам жуда ишончли тарзда тақлид қилиш мумкин. Бу ҳолат замонавий ахборот муҳитида технологиялар орқали ёлғон маълумот яратиш ва уни ҳақиқат сифатида тарқатиш қанчалик осон бўлиб бораётганини кўрсатади.

Агар биз келган ҳар бир хабарга шошма-шошарлик билан ишонмасак, балки уни текшириб, далилларга таянсак, жамиятда онглилик ва масъулият муҳити мустаҳкамланади. Ана шундагина ҳақиқатга суянган, хушёр ва барқарор жамиятни барпо этиш мумкин.

 Муяссар САРИМСАҚОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *