Сўнгги йилларда судралиб юрувчиларнинг барча турларига қарши муросасиз ва шафқатсиз муносабат оммалашиб бормоқда. Бунга ижтимоий тармоқларда “Илонни ўлдирмаган биздан эмас” каби видеоларнинг кенг тарқалаётгани сабаб бўлса, рептилияларнинг фойдаси ҳақида билмаслик, табиатда тенг ҳуқуқли жониворлар эканлигини тан олмаслик яна бир омилдир. Айниқса, бўз эчкиэмарлар 1985 йилда “Қизил китоб”га киритилганига қарамай, инсон омили сабаб тоборо камайиб кетаётганлиги жуда аянчли.
Республика “Эколог” жамоат бирлашмасининг “Ўзбекистонда кулранг эчкемарни сақлаш бўйича маҳаллий аҳолининг хабардорлигини ошириш” лойиҳаси халқаро Глобал яшил грантлар фондининг грантига сазовор бўлган эди. Лойиҳа доирасида Жиззах, Навоий, Наманган, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларининг айнан эчкеэмар сақланиб қолган ҳудудларида истиқомат қилаётган маҳалла вакиллари иштирокида бир кунлик ўқув-семинарларини ўтказиш белгиланган. Ўқув семинарлари 2 июль куни Жиззах шаҳридан бошланди ва унга Фориш, Арнасой, Мирзачўл туманларидан аҳоли вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари таклиф этилди.

“Эколог” жамоат бирлашмаси раҳбари, ЎзЖОКУ профессори Наргис Қосимова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти кичик илмий ходими Тимур Абдурауповлар биологик хилма-хилликда судралиб юрувчиларнинг ўрни, уларга асосий таҳдидлар ҳамда эчкемарларни асраш бўйича халқаро ва миллий қонунчилик асослари ҳақида маълумот беришди.

– Эчкемарлар вилоятимизда Айдар-Арнасой кўллари тизими бўйларида, Фориш ва Мирзачўл туманларида кўп учрайди, – дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шуъба мутахассиси Толиб Норматов. – Ўтган асрнинг 70-йилларигача уларни аҳоли манзилларида тез-тез учратиш мумкин бўлган. Эчкемар 30 тагача тухум қўйиши мумкин, аммо унинг 30 фоизи очилмай нобуд бўлади. Ёш эчкемарларни тулки, бургут каби табиий душманлар нобуд қилса, вояга етган эчкемарлар инсон омили сабаб қирилиб кетмоқда. “Қизил китоб”га кирган турларни йўқ қилиш ҳар бир бош учун 34 млн. сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади. Нафақат ноёб турлар, балки ҳар қандай жониворга зарар етказиш, тутқунликда сақлаш, сотиш ва фойда олиш мақсадида овлаш учун жазо белгиланган.

-Бўз эчкемарлар Ўрта Осиёдаги энг йирик калтакесаклардан бири бўлиб, судралиб юрувчиларнинг минтақадаги ягона вакили ҳисобланади, – дейди лойиҳа раҳбари Наргис Қосимова. – Аммо сўнгги 20 йил ичида уларнинг сони, Қизил китобга 30 йилдан ортиқ вақт давомида киритилганига қарамай, деярли ярмига камайди. Аммо сўнгги бир неча йил ичида янги жиддий таҳдид пайдо бўлди – бу ноёб бўз эчкемарни гўё шифобахш гўшт ва ёғи учун тутиш ва сотишдир. Ҳар йили маҳаллий аҳолига нафақат маҳаллий бозор даражасида, балки хорижий давлатлардан ҳам кўпроқ мурожаатлар келиб тушмоқда. Маҳаллий аҳоли ўртасида ўтказган дастлабки сўровларимиз маълумотларига кўра, кўпчилик ҳатто бўз эчкемарларининг “Қизил китоб”га киритилганлиги ва ноқонуний тузоққа олиш учун катта миқдорда жарима тўлаш тўғрисида била туриб ҳам, атроф-муҳит қонунчилигини бузишга тайёр.

Ўқув-семинари давомида иштирокчилар эчкемарларнинг озуқа занжири ва табиатдаги ўрни тўғрисида янги билимлар олдилар. Фақат минтақамизга хос бўлган бу турни кўпайтириш ҳудудларда экотуризмни ривожлантиришда аҳамиятли эканлиги таъкидланди. Эчкемар гўштини ейишнинг диний ва тиббий жиҳатдан таъқиқланганлиги илмий асосда ёритилди ҳамда иштирокчиларнинг ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва аҳоли йиғинларида семинар давомида олинган билимларни тарқатиш муҳимлиги қайд этилди.

Муқаддас САПАРОВА.