Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев Арнасой тумани ҳокимлигида Хитойнинг “Boshiran” компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди. Учрашувда компаниянинг келгусидаги лойиҳалари, ҳамкорлик истиқболлари ва ҳудуддаги инвестиция муҳитини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, “Boshiran” компанияси саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори технологияларни жорий қилишда фаол, асосчиси жаноб Чен Ён бу соҳадаги тажрибаси ва инновацион ёндашувлари билан танилган.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, ип-калава ишлаб чиқариш, томчилатиб суғориш технологиялари, агротехника хизмати, пахта териш комбайнлари ва сервис хизматлари ҳамда суюлтирилган минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳалари алоҳида кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов маҳаллий инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар тақдим этди.
Ўтган йили ҳам Арнасой тумани ҳокими бошчилигидаги делегация “Boshiran” компаниясида бўлиб, лойиҳаларни маҳаллий шароитда амалга ошириш ва инвестиция имкониятларини ўрганган эди.
Учрашув давомида вилоят ҳокими жаноб Чен Ён ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев билан онлайн мулоқот ҳам ўтказилди. Суҳбатда мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш ва Президент ҳамда ҳукумат топшириғи доирасида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу учрашув ва ҳамкорлик лойиҳалари Жиззах вилоятида замонавий технологияларни жорий қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини кенгайтиришга хизмат қилади.
Абдужалол ҚАЮМОВ.