ТАЪЛИМ ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР ТУТАШГАН МАНЗИЛ

​Бугунги кунда глобал таълим тизимида нафақат академик билим бериш, балки ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш устувор вазифага айланмоқда. Шу муносабат билан Хитой Халқ Республикасида ўтказилаётган йирик халқаро илмий конференция дунё таълим соҳаси вакилларини бир даврага жамлади.

Мазкур нуфузли анжуманда юртимиз номидан Жиззах шаҳридаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Мамлакат Эрматова ҳам иштирок этиб, ўзбек миллий тарбия тизимининг ўзига хос жиҳатлари билан халқаро ҳамжамиятни таништирмоқда.

​Конференция доирасида иштирокчилар Хитойнинг етакчи таълим масканлари, хусусан, 1995 йилда жаноб Сонг Бин томонидан асос солинган ва ўзига хос “экологик таълим” концепцияси билан танилган Суиҳуа (Suihua) таълим гуруҳи фаолияти билан яқиндан танишдилар. Гуанжоу шаҳрининг марказида жойлашган ушбу таълим экотизими академик ривожланишни шахсий камолот ва табиат билан уйғунлаштиришга хизмат қилади. Айниқса, Суиҳуа ватанпарварлик базасида ташкил этилган амалий машғулотлар — космик марказга ташриф, сунъий йўлдош моделларини ясаш каби илмий лойиҳалар ҳамда Маофенг тоғи бағридаги Ёнгжуанлинг лагерида ўтказиладиган очиқ ҳаводаги саргузашт машқлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби ёндашувлар болаларда ҳам илмга қизиқиш, ҳам табиатга муҳаббат туйғуларини шакллантириши билан аҳамиятлидир.

​Анжуман давомида сўзга чиққан жиззахлик мутахассис Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва миллий тарбия усулларига алоҳида тўхталди.

— Бизнинг асосий мақсадимиз – ёш авлод онгига миллий ғоя ва қадриятларни болаликдан сингдиришдир. Бу жараёнда миллий қўғирчоқлар ва халқ оғзаки ижоди намуналаридан фойдаланиш ўз самарасини бермоқда. Халқаро семинарда иштирок этиб, шунга амин бўлдимки, Хитой таълим тизимидаги замонавий технологиялар ва биздаги миллий анъаналарнинг уйғунлашуви келажакда янги ютуқларга йўл очади. Бу ердаги мактабгача таълим муассасалари тажрибасини ўрганиш ва фикр алмашиш биз учун жуда фойдали бўляпти, — дейди олий тоифали логопед, доцент М.Эрматова.

​”Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида ўтказилаётган бу каби анжуманлар Осиё ва МДҲ мамлакатлари ўртасида таълим кўпригини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тажриба алмашинуви нафақат таълим сифатини оширишга, балки икки халқнинг маданий ва маърифий алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга замин яратмоқда.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *