Бугунги кунда айрим фуқароларимиз тегишли қонунларни яхши билмагани учун турли ноқулай ҳолатга тушиб қолишмоқда.
Жорий йилнинг 20 апрель куни Жиззах вилоят ИИБ ва ДХХ Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М. У.нинг яшаш хонадонида ҳужра ташкил қилиб, ноқонуний диний фаолият билан шуғулланиб келганлиги аниқланган. Унинг “Xiomi Huper Os” русумли телефон ускунаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг телеграм ижтимоий тармоғи орқали диний мазмундаги материалларни алоқа рўйхатида бўлган абонент рақамларига тарқатиб, танишларига диний таълимдан сабоқ бериб келаётганлиги маълум бўлган. Суд мажлисида ҳуқуқбузар М.У бир муддат олдин расман отинойи лавозимида фаолият юритиб келганлиги, ҳозир ҳам ўзаро тадбирларда вазифасини бажариб келиши, лекин диний сабоқ бермаганлиги, бу ҳаракатлари қонунга хилоф эканини билмаганлиги, пушаймонлигини баён қилиб, қонуний енгиллик сўраган.
Суд унинг ўз қилмишига иқрорлиги, пушаймонлигини, оилавий шароити, моддий имкониятини инобатга олиб, унга нисбатан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, белгиланган жарима жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ миқдорда жарима жазоси тайинлашни лозим деб топди. Суд М.У га 2 миллион 250 минг сўм жарима жазосини тайинлади.
Хулоса шуки, ҳар бир фуқаро ўз ҳаракатларининг қонун доирасида тўғри ё нотўғри эканлигини эътиборга олган ҳолда амалга ошириши жоиз. Шундагина юқоридаги каби кўнгилсиз ҳодисалар юз бермаслиги аниқ.
Бекзод БЕГАЛИЕВ,
Жиззах вилоят ИИБ ТҚХ
ТҚКБ катта сержанти.