НОТАРИУСЛАРДАН БЕПУЛ МАСЛАҲАТЛАР

Айни кунлари республикамизнинг турли ҳудудлари бўйлаб Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида “Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” шиори остида акция тадбирлари бўлиб ўтмоқди. Акция доирасида нотариуслар томонидан аҳолига бепул маслаҳатлар бериляпти.

Жумладан, Жиззах шаҳридаги Қалия ҳамда Олмазор маҳаллаларида фуқаролар билан учрашувлар кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон нотариал палатасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда  “Юксалиш” УМҲ вилоят бўлинмаси раҳбар ва масъул ходимлари, Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иштирок этишди. Улар фуқароларга мерос масалалари, никоҳ шартномаси, эр ва хотиннинг умумий мулки, турар-жойларни хусусийлаштириш ва ундан фойдаланиш, вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, алимент ундириш, алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаш каби масалалар юзасидан маслаҳатлар беришди. 

—Мазкур тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад фуқаролар ўртасидаги эҳтимолий низоларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимлари ва маданиятини ошириш ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Нотариал палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ходими Зафар Жўраев. — Шунингдек, бундай учрашувлар орқали фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалаларга жойида аниқ ва ишончли жавоб олиш имкониятига эга бўлмоқда. Айниқса, оилавий муносабатларга оид масалаларда тушунмовчиликлар кўп учрайди. Нотариуслар томонидан берилаётган ҳуқуқий тушунтиришлар эса келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Учрашув иштирокчиларига “Нотариус маслаҳати” газетаси ҳамда тарғибот материаллари тарқатилди.

Акция доирасидаги тадбирлар шунингдек, Ғаллаорол туманидаги Дўстлик ҳамда Самарқанд маҳаллаларида ҳам давом этиши режалаштирилган. 

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *