Тинчлик – бебаҳо неъмат. Уни таъминлаш ва асраш оддий иш эмас. Бугун дунёда, Яқин Шарқда содир бўлаётган уруш воқеалари бизни бу неъматнинг қадру қимматини теран англашга чорлайди. Турли мақсадларда араб давлатларига сафар қилган ҳамюртларимизнинг юртга соғ-саломат қайтиб келишлари учун давлатимиз томонидан махсус рейслар ташкил этилгани, олисдаги фуқароларнинг ҳимоя ва ғамхўрлик билан қуршаб олингани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Тинчлик – ижтимоий, сиёсий барқарорлик гаровигина эмас, иқтисодий ўсишнинг ҳам ҳал қилувчи омилидир. Қаерда тинчлик-осойишталик бўлса, ўша ерга инвестиция киради. Янги ишлаб чиқариш қувватлари қурилади, катта-кичик шаҳарлар, массивлар пайдо бўлади. Иқтисодиёт занжири миллий ва глобал эканлигини ҳисобга олсак, бугунги кунда Эрондаги вазият туфайли халқаро бозорларда нархларнинг кескин ошиши кузатилаётир. Шу жиҳатдан Форс кўрфази давлатларининг асосий экспорт манбаи бўлган нефть маҳсулотларининг қимматлашуви фонида унга тобе давлатлар импортида ва иқтисодиётида таранглик сезилмоқда. Маълумотларга кўра, фуқаро авиацияси ёқилғиси нархи Сингапурда урушдан олдинги даражага нисбатан уч баравар, Европада эса икки ярим баравардан кўпроққа қимматлашган. БМТ экспертлари бундан-да хавотирли прогнозлар келтиришган. Энергия нархларининг кўтарилиши анъанавий равишда иқтисодиётдаги деярли барча нарсалар учун харажатларнинг ошишига олиб келади. Ҳозирнинг ўзидаёқ иқтисодиёти ривожланмаган давлатларда ишлаб чиқариш, чакана савдо ва қурилиш соҳалари икки томонлама қийинчиликларга дуч келмоқда: хомашё ва транспорт нархлари ошмоқда, талаб эса пасаймоқда. Ишдан бўшатиш ва даромадларнинг пасайиши одамларни ресторанлар, таксилар, меҳмонхоналар, адвокатлар ва ўқитувчиларга камроқ пул сарфлашга мажбур қилади. Оқибатда замонавий иқтисодиётнинг муҳим қисми бўлган хизмат кўрсатиш соҳаси уруш оқибатларидан энг кўп азият азоб чекувчи тармоққа айланади.
Ҳа, уруш ҳар жиҳатдан ёвуз воқеликдир. Унинг акс-садоси олис-олисдаги давлатларда ҳам турли таъсирлар орқали эшитилиши мумкин. Шу боис юртимиздаги тинчлик-осойишталикни қадрлаш, унинг оддий неъмат эмаслигини англаб етишимиз зарур. Айниқса, таълим-тарбия жараёнида бу туйғу давомли тарзда сингдириб борилиши зарур. Токи ўз Ватанини севувчи, унинг тинчлигини ўз манфаатларидан устун қўя олувчи мукаммал шахсларни тарбиялашга эришайлик.
Комила ОЧИЛОВА,
Шароф Рашидов туманидаги 1-сонли техникумнинг махсус фан ўкитувчиси.