Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида имом-хатиблар, кекса авлод вакиллари ва ёшлар ўртасида спортнинг шахмат-шашка тури бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллиги, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мусобақада воҳамизнинг турли ҳудудларидан йиғилган 100 га яқин ҳаваскор шахматчилар тафаккур баҳсида ўзаро беллашишди.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Саҳобиддин Болиев ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Муродбек Раҳмонбердиевлар сўзга чиқиб, аҳолининг ақлий спорт турларига бўлган қизиқишини ошириш, оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш ва ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича қилинаётган ишлар хусусида гапирдилар. Шунингдек, бу каби ҳаваскор турнирлар жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаши таъкидланди.
—Динимизда азалдан соғлом, бақувват, эпчил ва абжир киши ҳар доим қадрланган, —дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакили ўринбосари Нарзулла Аҳмедов. —Ташкилотимиз томонидан имом-хатибларни жисмоний фаол ҳаёт тарзига ундаш ҳамда фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар ўтказиб келинади. Зеро, жисмоний етуклик инсоннинг сабр-тоқати, фаоллиги ва ижтимоий масъулиятини ҳам оширади.
Қизғин ва ўзаро дўстона руҳда ўтган мусобақа якунига кўра шахмат бўйича биринчи ўринни Жиззах шаҳар “Жиллиғулли” масжиди имом-ноиби Ҳожаахрор Абилқосимов қўлга киритди. Шашка бўйича эса ғолиблик Шароф Рашидов тумани “Қанғли” масжиди имом-ноиби Низомиддин Эрйигитовга насиб этди. Соғлом турмуш тарғиботи бўйича спорт тадбирлари Шароф Рашидов туманининг Тоқчилиқ маҳалласидаги майдонда от спортининг соло йўналиши бўйича давом этди. Унда имом-хатиблар бор куч-маҳоратлари ва эпчиллик қобилиятларини амалда намоён этдилар.
Қизғин ва ўзаро дўстона руҳда ўтган мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).