Фахрийлар ва устозлар
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Гулнафис Худайбердиева ҳамда Жиззах вилояти суди судьяси Луиза Халитова суд тизими фахрийси, ҳурматли ва ҳудудда яхши танилган инсон — Умсун Астанова ҳолидан хабар олишди.
Яқинда Умсун Астанова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганлигидан хабарингиз бор. Судьялар уни фақат табриклаш учун эмас, балки суҳбатлашиш, унинг ҳаёт йўли ва тажрибасини тинглаш, адолат йўлида хизмат қилган инсоннинг фикрларини эшитиш учун ҳам келдилар.
Суҳбат самимий ва илиқ руҳда ўтди. Умсун опа ўз меҳнат фаолияти йилларини эслаб, фикр ва маслаҳатлари билан ўртоқлашди. У 26 йил давомида Жиззах вилояти Фориш туманида судья бўлиб ишлаган. Бу йиллар ҳалол меҳнат, масъулият ва халқ ҳурмати билан ўтган.
Бугун ҳам, 96 ёшга кирган бўлишларига қарамасдан, у жуда фаол инсон бўлиб қолмоқда. Унинг сўзларида — донолик, ҳаётида эса ёшлар учун ибрат мужассам. Ҳалоллик, камтарлик ва Ватанга муҳаббат унинг энг асосий фазилатларидир.
Умсун опа Ўзбекистон Аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади ва кулиб шундай деди:
«Эх, қанийди ёшроқ бўлганимда, янада кўпроқ меҳнат қилар, юртим учун кўпроқ ҳисса қўшар эдим».
Юксак давлат мукофоти билан тақдирланган опа ўз миннатдорлигини билдирди. Унинг айтишича, бундай эътибор ва эҳтиром инсон учун жуда катта аҳамиятга эга, айниқса бутун умрини ҳалол меҳнатга бағишлаганлар учун.
Учрашув якунида Умсун опа барча судьялар ва суд тизими ходимларига ишларида омад, ривож ва куч-қувват тилади.
Бундай учрашувлар ҳар бир касб ортида инсон, унинг тақдири, меҳнати ва ўз ишига бўлган садоқати турганлигини англатади.
Сабина МИНГБАЕВА.