ОЧИҚ МУЛОҚОТДА МУРОЖААТЛАР ТИНГЛАНДИ
Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш бугун давлат сиёсатининг энг муҳим вазифаларидан саналади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудларида жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиш тартиби белгиланган эди.
Ушбу фармонлар ижросини таъминлаш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унга соҳа мутахассислари, жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлар, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Дастлаб матбуот анжуманини очиб берган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Отабек Усмонов тадбирдан кўзланган мақсад ва вазифалар, тадбиркорлар мурожаатлари, истеъмолчилар ҳуқуқлари, тизимдаги қатор ислоҳотлар ва янгиликларнинг туб моҳиятига бафуржа тўхталди.
Матбуот анжуманида 2025 йил якунлари ва 2026 йилнинг 1-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Маматқуловнинг ҳисоботи тингланди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан 2025 йил якунлари бўйича жами 2000 дан ортиқ,
2026 йил 1-чораги давомида эса 700 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар ва ўрганиш ишлар натижасида 2025 йил давомида
48 минг нафардан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига қарийб 10 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди. Жорий йилнинг I чорагида қарийб 4500 нафарга яқин истеъмолчининг манфаати ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 1,4 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Ҳисобот даврида жами 160 дан ортиқ ҳолатларда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги бўйича ишлар қўзғатилди ҳамда давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимлик органларига 15 та ҳолатда тақдимномалар киритилди. Қўмита томонидан барча турдаги ташқи реклама объектларида жами 3400 дан ортиқ реклама қонунчилиги юзасидан мониторинг ишлари амалга оширилиб, 300 дан ортиқ ҳолатда камчиликлар аниқланиб, жойида бартараф этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган матбуот анжуманида тадбиркорларнинг қатор мурожаатлари тингланиб, назоратга олинди. Бундан ташқари тадбирда тадбиркорлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, талаб ва таклифлари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Зоир ЭРГАШЕВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)