СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНАЙЛИК
Юқори ҳарорат аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини ёзда сезиларли даражада оширади. Иссиқ ҳаво шароитида инсон организми кўпроқ суюқлик талаб қилади. Шу билан бирга, аҳоли томонидан маиший эҳтиёжлар учун сарфланадиган сув ҳажми ҳам ортади. Яшил ҳудудларни суғориш, санитария-гигиена талабларига риоя қилиш ва бошқа эҳтиёжлар сув истеъмолининг кўпайишига сабаб бўлади. Шу боис ичимлик суви таъминоти тизимларининг барқарор ишлаши ва сув ресурсларининг тежамкорлик билан сарфланиши муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Сув тармоқларига рухсатсиз уланиш, ҳисоблагичларни четлаб ўтиш, ичимлик сувини шартнома асосида белгиланган мақсаддан ташқари йўналишларда ишлатиш, оқова сув тармоқларига ноқонуний уланиш каби ҳолатлар тизимнинг самарали ишлашига салбий таъсир кўрсатади. Бундай қонунбузилишлар натижасида сув таъминоти ва канализация тизимларига ортиқча юклама тушади, хизмат кўрсатиш сифати пасаяди ҳамда иқтисодий зарар келиб чиқади.
Шу муносабат билан назорат тадбирлари давомида ҳудудий инспекция томонидан ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қонуний ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш бўйича 118 та кенг кўламли тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Хусусан, сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш соҳасида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 324 та ноқонуний ҳолатлар аниқланиб уларга нисбатан 1 023.7 млн сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. Келиб тушган мурожаатлар асосида 36 та тадбиркорлик субъектлари ўрганилди ва ўрганишда аниқланган 28 та ноқонуний ҳолатлар учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан 115 млн сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Бу борада ташкил этилаётган рейдлар натижасида назорат инспекцияси томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилмоқда. Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тизимдаги йўқотишларни камайтириш ва аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳар бир фуқаро сувнинг қадрига етиши, уни тежаб-тергаб ишлатиши ва ноқонуний ҳолатларга йўл қўймаслиги зарур. Чунки сув — ҳаёт манбаи. Уни асраш ва келажак авлодларга етказиш барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Турсун ЭРГАШЕВ,
вилоят қурилиш ва уй-жой
коммунал хўжалиги соҳасида
ҳудудий назорат қилиш
инспекция бошлиғи ўринбосари.