КЎКБУЛОҚДА ЭКСПОРТБОП ГИЛОС ПЛАНТАЦИЯЛАРИ БАРПО ЭТИЛМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига амалий ташрифи доирасида Бахмал ва бошқа туманларда замонавий интенсив боғлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганди. Шунга асосан BMB HOLDING томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, айниқса, боғдорчилик тармоғини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Холдингнинг BMB GARDENS шўъба корхонаси томонидан Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида икки йил давомида қаровсиз қолган, сув чиқмаган 500 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, замонавий интенсив боғларга айлантирилаяпти. Эътиборлиси, яқин уч йил ичида ушбу боғ майдонларини 2000 гектаргача кенгайтириш режалаштирилган.
Вилоятимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар, Ғаллаорол тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари, депутатлар, ёшлар, хотин-қизлар, бандлик, банк тизими, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Ғаллаорол туманининг Кўкбулоқ массивига ташриф буюришди. Шу куни “Чаёнли” ҚФЙ ҳудудидаги 115 гектар ер майдонида гилос кўчатлари экиш ишларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Меҳмонларга мутахассислар томонидан танланган дала майдони, экин тури ва нави, агротехнология бўйича маълумотлар берилди. Лойиҳа доирасида илғор агротехнологиялар қўлланилиб, маҳаллий ҳамда хориждан келтирилган, инвитро усулида етиштирилган юқори экспортбоп гилос навлари экилишига старт берилди. Отахонлар дуога қўл очиб, яхши ниятла кўчат экиш тадбирини бошлаб беришди.
Биринчи босқичда Нидерландия ҳамда Польша давлатларидан олиб келинган ва “Самарқанд Шарқ саноати” корхонаси лабораторияларида инвитро усулида кўпайтирилган “Батирма” навли аччиқ гилос кўчатларидан 50 минг донаси 4х2,5 схемада экилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 350 млрд сўмни ташкил қилиб, ҳозирда 26,2 млрд сўмлик ишлар тўлиқ Холдингнинг ўз маблағлари билан йўлга қўйилди. Қолгани эса инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади. Унинг йиллик қуввати 1000 тонна гилос етиштиришдан иборат.
Ушбу ташаббус ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, 50 нафар доимий ва 800 нафарга яқин мавсумий иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида замонавий инфратузилма яратилди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги техникалари учун машина-трактор парки, автомобиллар тўхташ жойлари қурилди. Томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди. 3 та янги артезиан қудуғи қазилди, 12 минг кубометр сиғимга эга сув ҳовузи барпо этилди. 5 км янги электр тармоғи тортилиб, 250 кВт лик 3 та трансформаторлар ўрнатилди. 5 км шағал йўл ҳамда битта кўприк бунёд этилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ишчи-хизматчилар учун зарур шароитлар яратилган. Хусусан, маъмурий бино, 50 ўринли ётоқхона ва ошхона, ювиниш ва дам олиш хоналари қад ростлади.
—BMB GARDENS лойиҳаси қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб уни қайта ишлаш, сақлаш ва экспортгача бўлган ягона занжирни шакллантиришга хизмат қилади, —дейди BMB ECO NAV корхонаси директори, қишлоқ хўжалиги бўйича фалсафа фанлари номзоди Собир Эгамбердиев. —Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Мазкур лойиҳа BMB HOLDINGнинг аграр соҳадаги стратегик йўналишларидан бири бўлиб, унинг тўлиқ ишга туширилиши ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириб, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Зафар Рўзиев иштирок этди.
Зоир ЭРГАШЕВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)
Муаллиф олган сурат.