ЯНГИ ЯШИЛ БЕЛБОҒЛАР ВА ҚОПЛАМАЛАР БАРПО ЭТИЛМОҚДА
Президентимиз ташаббуси билан республикамизда жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида кенг жамоатчилик, нуроний оқсоқоллар, ёшлар, ўз ташаббуси билан қатнашаётган волонтёрлар, корхона ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги соҳалари, айниқса, “Йўл кўкалам” давлат муассасаси ва ўрмон хўжаликлари иштирокида кўчат экиш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Жорий йилги баҳор мавсумида вилоятимизда 5 млн 912 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган.
—Вилоятда 3,2 млн туп кўчат заҳиралари яратилди, —дейди вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси шуъба мудири Қобил Мингбоев. —Жумладан, ўрмон хўжаликлари томонидан 2 млн 108 минг, кўчатчилик йўналишидаги фермер ва деҳқон хўжаликларида 487 минг , аҳоли томорқалари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан 551 минг ҳамда академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночиликни ривожлантириш илмий тадқиқот институтининг Жиззах вилояти илмий тажриба станциясида 20 минг дона туп кўчат заҳиралари тайёрланди.
Кейинги пайтда ёмғир ва қор сувларидан фойдаланган ҳолда “Терасса” усулида ўрмонзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Зомин туманининг тоғли ҳудудларида Зомин давлат ўрмон хўжалиги томонидан 600 гектар майдонда, Бахмал туманининг ўрмон хўжалигига қарашли тоғли ҳудудларида 360 гектар майдонда “Терасса” усулида кўчатлар экилиб, ўрмонзорлар барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам йирик-йирик майдонларда мевали боғлар барпо этилмоқда. Бахмал туманида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари томонидан 200 гектардан ортиқ майдонда 230 мингдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари экилди.
“Йўл кўкалам” давлат муассасаси томонидан Шароф Рашидов ва Пахтакор туманлари ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўллари бўйларида 200 минг тупдан ортиқ тез ўсувчи терак дарахти кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғлар” барпо этилмоқда. Фориш туманининг Айдар-Арнасой кўлига туташ бўлган чўл ҳудудларида 200 гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этиш ишлари режалаштирилган. Айни пайтда вилоятимизда “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги юмушлар давом этмоқда.
Зоир ЭРГАШЕВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)