Бугун орамизда яшаб келаётган кекса нуронийларнинг ҳар бири — тирик тарих. Уларнинг хотираларини тинглар экансиз, гоҳида расмий тарих китобларида баён этилмаган, йиллар давомида сир тутилган даҳшатли ҳақиқатларга дуч келасиз. Яқинда ана шундай тирик тарихнинг жонли гувоҳи — Жиззахлик маҳалласида яшовчи 93 ёшли Асрор бобо Жўраев билан учрашув бизни яқин ўтмишнинг энг махфий саҳифаларига етаклади.
Бундан бир неча ўн йиллар муқаддам Самарқанддаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган ўзбек талаба йигитлари тўсатдан, ҳеч қандай тушунтиришларсиз ҳарбий сафарбарликка жалб этилади. Энг ачинарлиси, ўша даврнинг ижтимоий адолатсизликлари сабаб, таниш-билишчилик оқибатида кўплаб талабалар уйда қолиб, имкони йўқ содда ўзбек йигитлари уруш олови ичига юборилади. Kўпчилик узоқ йиллар давомида бу хорижий ҳарбий ҳаракатларни “Вьетнам уруши” билан адаштириб келган. Жумладан, маҳалла аҳли ҳам отахонни Вьетнамда бўлган деб ўйлашарди. У кўпчилик курсдошлари сингари ўқиш жойини тарк этиб, самолётда олисларга йўл олди. Уларнинг ҳеч бири қаерга, нима учун кетишаётганини билмаган.
Отахон билан суҳбатимиз давомида унинг хотираларидаги икки калит сўз — Юрий Андропов шахси ва баланд биноларнинг беаёв ўққа тутилиши бизни тамоман бошқа воқеликка, яъни 1956 йилдаги қонли Венгрия воқеаларига олиб чиқди. Собиқ иттифоқ даврида 1956 йилдаги Венгрия (Будапешт) қўзғолони ва унинг совет армияси томонидан шафқатсизларча бостирилиши энг қаттиқ сир тутиладиган мавзулардан бири эди. Бу ҳақда очиқ гапириш сиёсий тақиқ остида бўлиб, воқеа иштирокчиларидан сукут сақлаш талаб этиларди. Маҳаллий аҳоли ва қуролланган исёнчилар жойлашган Будапешт шаҳри кўчаларига совет танклари киритилганда, урушнинг бутун оғирлиги сафарбар қилинган ўзбек йигитларининг ҳам бошига тушади. Отахоннинг хотирлашича, шаҳардан чиқиб кетиш ҳақида буйруқ бўлган бўлса-да, кейинчалик вазият ўзгариб, кўп қаватли биноларни беаёв вайрон қилиш, портлатиш ва қуролсиз аскарларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилади.
Бугун Асрор бобо юз ёш томон илдамлаб бормоқда. У киши жуда қувноқ, тетик ва ҳавас қилгулик даражада маданиятли нуроний. Аммо “Болаларим, айтишимнинг фойдаси йўқ”, деган қисқа ва маҳзун жумлалари ортида ўша даврдаги мафкуравий қўрқувнинг оғриқлари сезилиб турибди… Биз — бугунги авлод тарихчилари учун бундай жонли хотиралар олтинга тенг. Зеро, собиқ совет тузуми қанчалик сир тутмасин, тарих барибир ўз ҳақиқатларини юзага чиқаради. Бизнинг бурчимиз эса тинчлик қадрини англаш ва Асрор бобо каби ватандошларимизнинг босиб ўтган аччиқ қисматидан сабоқ чиқаришдир.
Дилафрўз ИБРАГИМОВА,
Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг тарих фани ўқитувчиси.