ҳикоя
— Тўхта-а-а-а!!! Гуллаган дарахтни кесиш ҳомиладор аёлни ўлдириш билан баробар-ку! – Қария зор қақшаб қаршисидаги кимсанинг йўлини тўсади.
Театрда одам лиқ тўла. Бўш ўрин йўқ. Ҳеч ким қилт этмайди. Ҳамма тош қотган.
Спектакль охирлаяпти. Мана қўлида арра тутган гўрсўхта гуллаган ўрик сари яқинлашаяпти…
Ҳа, у дарахт танасига арра солган заҳоти саҳна қоронғулашади… ва… ўрикнинг қарсиллаб қулаши эшитилиши керак…
…Спектакль шундай тугайди.
Муаллиф ва режиссёрнинг ечими шу!
— Кесма-а-а-а!!! – Чол чинқираяпти.
Арра тутган кас дарахтга яқинлашади… ва…
Шу пайт телекамерадан таралган ёғду доира биринчи қатор ўртасида ўтирган болакайни ёритди. Кучли қўрқув ичра карахт ҳолда, вужудини қалтироқ тутган боланинг ялтиллаб турган нигоҳига кўзи тушган актёр бир зум ўзини йўқотиб қўйди.
Салбий рол ижрочиси жуда маҳоратли санъаткор эди. У болакайнинг кўзлари тубида омонат умид томчилари дилдираётгани, қароқлари қаърида қуёшни куйдиражак бир шуъла порлаб тургани, айни дам шу ёрқинлик сўнишга маҳкумлигини ҳам ҳис қилди. Боланинг маъсум нигоҳида ялт этган нур актёр руҳиятини тилкалаб ўтди; бошида чақмоқ чаққандай бўлди. Тили айланмай қолди. Юраги тубидан беихтиёр бошқа сўзлар отила бошлади.
— Йўқ! Кесмайман!! Ҳа, кесмайман!. Қўрқма, қария! Кесмайман! Ахир дарахтлар ҳам болаларга ўхшайди-ку! Улар осмонни суяб туради. Мабода ер юзида болалар ва дарахтлар бўлмаганда эди, осмон аллақачон қулаб тушарди. Бизни босиб қоларди.
Ҳамкор актёр — чол саҳнада эсдан оғар даражада эсанкирайди. Кўзи билан аррага ишора қилади. Юзида дарахтни кессанг-чи, деган ифода қалқийди.
Қаёқда… Актёр аррани бир четга ирғитди.
Режиссёрнинг ҳуши учди. Жон – пони чиқиб кетди. Юраги тўхтаб қолаёзди.
Ўз асарини томоша қилгани келган драматург чаён чаққандай бир сапчиб тушди.
Саҳнадаги бошқа актёрлар ҳам довдираб қолишди. Актёр бу ҳам камлик қилгандай яқиндагина интернетдан ёдлаган шеърини монолог қилиб ўқиди:
“…БЕЛАРУСДА, ЎРМОННИ ҚОҚ ЁРИБ ЎТГАН ЙЎЛДА МАШИНА БРЕСТ ҚАЛЪАСИ ТОМОН ЕЛМОҚДА. ЁМҒИР ЗАБТИГА ОЛГАН….
ЭГНИГА ЕЛИМ ЁПИНЧИҚ ИЛГАН ОДАМЛАР ЎРМОН ЎРТАСИДАГИ ЙЎЛ ЧЕТИДА ҚАРАҒАЙ КЎЧАТЛАРИНИ ЭКИШМОҚДА.
ҲА, ЁМҒИР ОСТИДА, ЎРМОННИНГ ҚОҚ ЎРТАСИДА…
Осмондаги юлдуздан ҳатто
Беларуснинг дарахтлари кўп.
Ҳеч зот қўлга олмайди болта
Кесилмайди бунда битта чўп.
Синчиклаб боқ, харитасида
Яшил дунё солланар бедор.
Шаҳарларнинг қоқ ўртасида
Тиғ тегмаган ўрмонбоғлар бор…
Брест йўли…Тош қотдим бир дам
Иложим йўқ… Қандай қарамай?
Наҳот унга шунча ўрмон кам —
Экаяпти кимдир қарағай…
Йўл четида турардим карахт
Қучгим келди азиз Инсонни!
У биларди ҳар битта дарахт
Суяб турар бугун осмонни…
Ўйга ботдим… Қалб оғриқ олди —
Наҳот ердан оёқни уздик.
Кесма! Тўрт-беш дарахтинг қолди
Осмон яқин келмоқда, ўзбек… “
Саҳна қоронғу тортди — спектакль мутлоқ бошқа ечим билан тугади.
Зални гулдурос қарсак тутди.
Театр ичи ларзага келди.
Ҳаллослаб, ҳансираган кўйи парда ортига ўтган режиссёр супага суяниб ҳардамҳаёл ўтирган актёрнинг кўзига тикилди:
— Нима қилиб қўйдинг?! А – а? Бу нима қилиқ?!
— Ўзим ҳам билмайман, – иҳранди актёр. —Унинг юрагида умид қуёши, ишонч ўти сўнишини истамадим… Мен дарахтни кессам, унинг юрагида гуллаб турган дарахтни ҳам йўқотишим, уни тириклай ўлдиришим мумкин эди…Назаримда болакайнинг ўзи айни дамда дарахтга айланиб қолган эди десам ишонасанми?. Ҳа, мен арра тутган Иблиснинг тантана қилиши, дарахт тимсолидаги Ватан, Ўзбекистоннинг танасига тиғ тортилиб, илдизидан мосуво бўлишини истамадим… Ҳа. мен дарахтни кессам уни ҳам ўлдирган бўлардим…
Режиссёр лаҳза қотиб турди ва актёрнинг юзига ҳадиксираб қаради. Тутақди:— Кимни ўлдирасан? Нималар деб алжираяпсан?!
— Анови болани… Биринчи қаторда ўтирган болакайни айтаяпман. У мени бошқариб турди. Билмайман, нега шундай бўлди, мен унинг қалбидан отилган гапларни қайтардим, холос…
— Сен шунча одамни, залдаги томошабинни лақиллатдинг, – заҳрини сочди ҳамкор актёр.
— Залда чин томошабин бир нафаргина эди, — ингради актёр. — Ҳа, ўша бола чин томошабин эди. Мен уни кўришим керак. — Актёр ўринидан ирғиб турди.
Ташқарига отилиб чиқди. Ойиси ёнида ирғишлаб, нималарнидир бидирлаётган болакайга нигоҳи тушди ва негадир кўз ёшларини тиёлмади. Ёнига боришга эса юраги дов бермади. Лаблари пичирлади:
— Кейинги гал ҳам албатта келгин, болакай!
Қўчқор НОРҚОБИЛ.
8 июнь, 2024 йил.