Мамлакатимизда сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ва Конституциянинг янги таҳрири бўйича ўтган референдумдан сўнг давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови 2024 йил 27 октябрда ўтказилиши ва сайлов компанияси 2024 йил 26 июлдан бошланганлигини эълон қилиб, календарь режани тасдиқлади.
Юқорида қайд этилган Президент Фармони талабларидан келиб чиқиб, мазкур сайловлар биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади.
Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади. Бунгача Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.
Мажоритар тизим-бу ўз сайлов округида энг кўп овоз олган номзодлар сайланган деб топиладиган ва барқарор сайлов тизими ҳисобланади.
Масалан, Қонунчилик палатасига 75 нафар депутатларни сайлашда 75 та ҳудудий сайлов округи шакллантирилади. Уларнинг ҳар бири фуқаролар овоз берадиган сайлов участкаларига бўлинади. Ҳар бир сайлов округидан биттадан депутат сайланади.
Пропорционал тизим-бу ҳар бир партия парламентда қўлга киритадиган ўринлар сони сайловда унга берилган овозлар сонига кўра белгиланувчи сайлов тизимидир. Унинг мажоритар тизимдан фарқи шундаки, бунда сайловчиларга партиядан муайян номзодга эмас, партиянинг ўзига овоз бериш таклиф қилинади.
Пропорционал тизимда ҳар бир партия депутатликка номзодлар рўйхатини овозга қўяди, партиялар рўйхатларни мустақил равишда тузади ва уларга энг фаол, энг таниқли сиёсий арбобларни киритади, депутатликка номзодлар рўйхатлари билан танишиб чиққач, сайловчи улардан биттаси, ўз навбатида, муайян партия фойдасига танлов қилади.
Пропорционал тизимнинг афзаллиги шундаки, нафақат сайловда ғалаба қозонган йирик сиёсий кучлар, балки кичик партиялар ҳам парламентдан жой олиш имконига эга бўлади.
Аралаш тизим эса, мажоритар ва пропорционал тизимларнинг гибрид шаклидир. Унинг мазмуни шундаки, битта ҳокимият вакиллик органининг ўзида депутатларнинг бир қисми мажоритар округларда шахсан, иккинчи қисми эса вакилликнинг пропорционал тамойили бўйича партиявий асосда сайланади.
Сайловда сайловчи қўлига иккита бюллетен олиши назарда тутилади, яъни бирини номзод учун, иккинчисини партия учун тўлдиради.
Бегали ПАКИРОВ,
Шароф Рашидов туман адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти