ПИЛЛАЧИЛИКДАГИ ЮКСАК НАТИЖА

Бугунги кунда дунё иқтисодиётида табиий, экологик тоза ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Ана шундай стратегик маҳсулотлардан бири бўлган табиий ипак нафақат енгил саноатнинг муҳим тармоғи, балки мамлакатнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизда ипакчилик саноатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ўзининг амалий самарасини бермоқда. Республикамизда ипак саноатининг мустаҳкам хомашё базаси ҳисобланган пиллачилик соҳасида эришилаётган натижалар иқтисодий ислоҳотларнинг ҳаётбахш кучини яна бир бор намоён этмоқда.
Мамнуният билан қайд этиш жоизки, жорий йилда белгиланган шартнома режалари ортиғи билан бажарилди. Вилоятимизда пиллачилик соҳасини кенгайтириш, тармоқ самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида 2026 йил пилла мавсуми юқори кўрсаткичлар билан якунланди.
Хусусан, давлат режаси асосида ажратилган 22 минг 100 қути пилла уруғи билан бир қаторда қўшимча 5 минг 100 қутидан зиёд пилла уруғи ҳам муваффақиятли парвариш қилиниб, соҳада меҳнат қилаётган инсонларнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари натижасида 1 минг 326 тонна сифатли пилла хомашёси тайёрланди ва давлатга топширилди.
Бу рақамлар ортида минглаб инсонларнинг машаққатли меҳнати, оилалар фаровонлиги ва қишлоқ жойларда яратилган янги имкониятлар мужассам. Айниқса, пиллачилик соҳаси хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг қўшимча даромад манбаини шакллантиришда муҳим ижтимоий аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда пиллачилик тармоғини кластер усулида ривожлантириш, тутзорлар майдонини кенгайтириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ва қайта ишлаш қувватларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳанинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, жаҳон бозорида табиий ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани Ўзбекистон учун катта иқтисодий имкониятларни очиб бермоқда.
Чунки мамлакатимиз қадимдан Буюк Ипак йўлининг муҳим марказларидан бири сифатида ипакчилик анъаналарини асраб келган. Бугун эса ушбу бой мерос замонавий технологиялар билан уйғунлашиб, халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини яратмоқда.
Халқаро экспертлар ҳам экологик тоза, қайта тикланувчи ва табиий маҳсулотларга бўлган эҳтиёж келгуси йилларда янада ошиб боришини таъкидламоқда. Бу эса Ўзбекистон ипакчилиги учун янги экспорт бозорларини ўзлаштириш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва миллий брендларни жаҳон миқёсида танитиш имкониятини кенгайтиради.
Албатта, бугун қўлга киритилаётган муваффақиятлар давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги ва агросаноат соҳасига қаратилаётган доимий эътибор, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳамда энг муҳими, меҳнаткаш инсон қадрини юксалтиришга қаратилган эзгу ғояларнинг амалий ифодасидир.
Пиллачиликда эришилган бугунги ютуқлар эртанги тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Зеро, меҳнатга таянган тараққиёт барқарор бўлади, инсон қадри улуғланган жамият эса доимо юксалиш сари интилади.
Шубҳасиз, пиллачилик соҳасидаги бу муваффақият нафақат иқтисодий натижа, балки Янги Ўзбекистоннинг меҳнатсевар халқи, бой анъаналари ва юксак салоҳиятининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Гулнора НОРМУРОДОВА,
вилоят ҳокими ўринбосари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *