МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИ ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ МЕЗОНИ

Инсон қадрини улуғлаш ва хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш ҳар қандай замонавий давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки иқтисодий ўсиш суръатлари, инвестициялар ҳажми ёки ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қанчалик юқори бўлмасин, агар инсон ҳаёти ва соғлиғи етарлича муҳофаза қилинмаса, тараққиётнинг ҳақиқий қиймати тўлиқ намоён бўлмайди.
Айтиш жоизки, 2025 йилда республика бўйича ишлаб чиқариш билан боғлиқ 849 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Оқибатда 248 нафар фуқаро вафот этган, 680 нафари оғир жароҳатланган.
Шунингдек, ўтган йили меҳнат хавфсизлиги қоидаларини бузган 432 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий чоралар кўрилган. Бу эса муаммонинг айрим ҳолларда техник имкониятлар етишмаслигида эмас, балки масъулият ва назорат билан ҳам боғлиқ эканини англатади.
Энди эътиборингизни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга қаратмоқчиман. 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда меҳнат фаолияти билан боғлиқ содир бўлган 198 та бахтсиз ҳодиса туфайли 223 нафар фуқаро жабрланган. Уларнинг 146 нафари оғир жароҳат олган, 15 нафари енгил жароҳатланган ва энг ачинарлиси, 62 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлилларга назар солинганида юртимизнинг айрим ҳудудларида меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар нисбатан долзарблигича қолаётганини кўриш мумкин.
Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорак якунига қадар энг кўп бахтсиз ҳодисалар:
– Тошкент шаҳри — 44 та;
– Сурхондарё вилояти — 36 та;
– Тошкент вилояти — 29 та;
– Навоий вилояти — 18 та содир бўлган.
Хоразм ва Жиззах вилоятларида бу кўрсаткич 5 тадан эканлиги иқтисодий фаоллик юқори бўлган жойларда хавфсизлик талабларини янада кучайтириш зарурлигини билиш мумкин. Айниқса, йирик қурилиш объектлари, саноат корхоналари ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётган Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё вилоятида меҳнат муҳофазаси тизимини қайта кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.


Соҳалар кесимидаги таҳлил меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ асосий муаммолар қайси тармоқларда тўпланаётганини яққол намоён этмоқда.
2026 йил биринчи чорагида саноат соҳасида 71 та, қурилиш соҳасида 54 та, қишлоқ ва сув хўжалигида 9 та, транспорт соҳасида 8 та, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 8 та таълим соҳасида 6 та, соғлиқни сақлаш тизимида 4 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.
Кўриниб турибдики, ҳолатларнинг қарийб учдан икки қисми саноат ва қурилиш тармоқларига тўғри келаётгани бу соҳаларда хавфсизлик стандартларини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Айниқса, қурилиш соҳасида ишчиларнинг муҳофаза воситалари билан таъминланиши, техник хавфсизлик йўриқномаларига риоя қилиниши, назорат тизимининг рақамлаштирилиши ва мустақил аудит механизмларини жорий этиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Зотан, ушбу рақамлар оддий статистика эмаслиги, бу ҳолатлар ортида қанчадан-қанча оила, фарзандлар тақдири борлиги, жамиятнинг оғриғи ва давлатнинг масъулияти мужассамлиги бугун ҳар биримизни ўйлантириши лозим.
Шу нуқтаи назардан тегишли вазирлик ва давлат идораларига депутатлик сўрови юборилди. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инпекциясининг жавоб хатларида қуйидагилар баён этилган:
“2026 йилнинг 1-чорак якунига кўра ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтган 26 мингдан ортиқ қурилиш обектларида 94 450 маротаба мониторинг хавфсизлик техникасига риоя этилиш юзасидан 4 мингдан зиёд бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилиб, кўрсатма талабини ўз вақтида бажармаганлиги юзасидан маъмурий жавобгарликка тортилган”…
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича миллионлаб инсонлар иш жойларида жароҳат олади ёки касбий хавфлар туфайли ҳаётдан кўз юмади. Ривожланган мамлакатлар бу муаммони ҳал этишда жазолашдан кўра профилактика, таълим ва рақамли мониторинг усулларига таяниб келмоқда.
Бугунги кунда меҳнат хавфсизлиги нафақат ижтимоий масала, балки инвестицион жозибадорлик мезонига ҳам айланган. Чет эл сармоядорлари мамлакатдаги меҳнат муносабатлари, хавфсизлик стандартлари ва ишчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратади. Бу эса меҳнат муҳофазаси соҳасини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини ҳам оширишидан далолатдир.
Шундай экан, иш берувчиларнинг жавобгарлигини кучайтириш, профилактика чораларини кенгайтириш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.
Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг марказида инсон қадри турибди. Демак, ҳар бир иш жойида хавфсиз муҳит яратиш, ҳар бир ишчининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш давлат, жамият ва иш берувчиларнинг умумий бурчидир.
Биз иқтисодий ўсиш ҳақида гапирар эканмиз, аввало инсон хавфсизлиги ҳақида ўйлашимиз шарт. Чунки ҳар бир сақлаб қолинган ҳаёт — энг катта ютуқ, ҳар бир олди олинган бахтсиз ҳодиса — энг муҳим инвестициядир.
Меҳнат хавфсизлиги — инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва мамлакат келажагига масъулиятли муносабатнинг амалий ифодасидир.

Назира МУХТОРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *