Вилоят футбол мактаби ҳамда “Сўғдиёна” футбол академияси майдонлари U-15 академиялар жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг ҳал қилувчи баҳсларига мезбонлик қилди.
Мусобақанинг плей-офф учрашувларида “Сўғдиёна” академияси тарбияланувчилари Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси ҳамда “ОКМК ФА” жамоаларини мағлуб этиб, финалгача етиб келди. Ҳал қилувчи учрашувда вакилларимиз Қаршининг “Насаф” академияси жамоасига қарши майдонга тушди.
Асосий вақт 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунлангач, ўйин тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди. Унда жамоамиз қаршилик тенгқурларини 5:3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
“Сўғдиёна” футбол клуби қошидаги янги академияга ўтган йил ёзда асос солинган. Ҳозирда бу ерда 10–15 ёш оралиғидаги 170 нафар ёш “чарм тўп” усталари назарий ва амалий жиҳатдан соҳанинг керакли сир-асрорларини ўзлаштирмоқда. Баҳриддин Рахманкулов бошчилигидаги U-15 жамоаси қўлга киритган ушбу дебют чемпионлик келгуси ютуқларга йўл очишига умид қиламиз.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.