Шароф Рашидов туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шаҳризода Шоҳобиддинова халқаро SAT имтиҳонида 1530 балл тўплаб, тенгдошлари орасида эътиборга молик натижага эришди.
SAT — дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда фойдаланиладиган халқаро стандартлаштирилган имтиҳон. Унда энг юқори натижа 1600 баллни ташкил этади. Шаҳризоданинг 1530 балл жамғаргани унинг пухта тайёргарлиги, мантиқий фикрлаши ва билим даражаси юқорилигидан далолат беради. Бу кўрсаткич халқаро миқёсда ҳам юқори натижалар қаторига киради.
Ёш билимдоннинг ютуқлари SAT билан чекланмайди. У инглиз тили бўйича CEFR B2 даражали сертификат, шунингдек, она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат соҳиби ҳамдир. Бир нечта йўналишда эришилган бу натижалар Шаҳризоданинг билим олишга бўлган қизиқиши, изланишга интилиши ва олдига қўйган мақсадлари сари изчил ҳаракат қилаётганини кўрсатади.
Бугун халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этиш ёшлар учун дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари эшикларини очадиган муҳим имкониятлардан биридир. Шаҳризоданинг муваффақияти ҳам билим, меҳнат ва қатъият билан катта марраларни забт этиш мумкинлигини намоён этади.
Ўқувсининг бу ютуғи, айни пайтда, унинг устозлари ва ота-онаси меҳнатининг ҳам самараси. Энг муҳими, Шаҳризода каби интилувчан ёшлар сафининг кенгайиши юртимизда билимли, рақобатбардош авлод вояга етаётганидан далолат беради.
Худойберди ЗИЁТОВ.